22:32 / 14.08.2023
70893

Apple нисбатан арзон iPhone SE смартфонидан воз кечмайди 

Тахминларга кўра, янги смартфон iPhone 14 дизайни, USB-C ва янги «Action» тугмачасини олади. У 2025 йилдан кейин чиқарилади. 

Фото: macrumors.com

Интернетда Apple суст сотувлар туфайли iPhone SE линиясидан воз кечгани ҳақида кўплаб миш-мишлар тарқалди, аммо ҳозир тобора кўпроқ манбалар шартли iPhone SE 4 ишлаб чиқарилиши мумкинлигини таъкидламоқда. 

Таниқли Unknownz21 инсайдерининг ёзишича, iPhone SE 4 ташқи кўриниши ҳозирги iPhone 14 асосида бўлади, яъни «Home» тугмаси ҳамда экран устидаги ва остидаги кенг рамкалар йўқолади. Шунингдек, 4,7 дюймли LCD дисплей ўрнини 6,1 дюймли OLED экран эгаллайди. 

Шунингдек, арзон iPhone SE 4 ҳали чиқарилмаган iPhone 15 смартфонининг асосий функцияларидан бири – «овозсиз» режимни ўрнатиш тугмаси ўрнига янги «Action» тугмасини олади. Унга хоҳишга қараб функция тайинлаш мумкин бўлади. 

Инсайдер сўзларига кўра, Lightning қувватлантириш порти ўрнини USB Type-C эгаллайди. Ҳозирча ҳеч бир iPhone моделида бундай порт йўқ – 15-модел биринчи бўлиши кутилмоқда. Аммо асосий камера худди iPhone SE‌ (2022) смартфонидаги каби ягона бўлиб қолади. 

Аввалроқ, янги iPhone SE 2025 йилдан кейин чиқарилиши ҳақида хабар тарқалди. Кечикиш 5G модемини ишлаб чиқариш чўзилиб кетгани билан изоҳланди. Айнан мана шу модель Apple компаниясининг 5G модемлари учун синов майдонига айланади. 

Ҳозирча, энг сўнгги iPhone SE (3) 2022 йил март ойида чиқарилган, шунинг учун у ҳозир нисбатан янги. Демак, iPhone SE 3 яна камида 3 йил давомида долзарб бўлиб қолади. 

Top