Жаҳон | 11:41 / 17.08.2023
8266
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Қозоғистон, Россия ва Словакия компаниясига қарши санкциялар киритди

Россия Украинадаги уруш пайтида йўқотаётган ўқ-дорилар ва қурол-яроғлар учун Шимолий Корея ва бошқа иттифоқчиларга тобора кўпроқ мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда, дея маълум қилди АҚШ Молия вазирлиги.

Фото: AFP

Америка Қўшма Штатлари Вашингтон Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги қурол-яроғ битимларига алоқадор деб ҳисоблаган уч компанияга нисбатан санкциялар жорий қилди, деб хабар берди Reuters 16 август, чоршанба куни кечқурун. АҚШ Молия вазирлиги Россия Украинадаги уруш пайтида йўқотаётган ўқ-дорилар ва қурол-яроғлар учун КХДР ва бошқа иттифоқчиларга тобора кўпроқ мурожаат қилишга мажбур бўлаётганини маълум қилди.

Санкциялар рўйхатига, хусусан, Москвада рўйхатдан ўтган ва Verus консалтинг гуруҳи сифатида танилган Россиянинг «Верус» МЧЖ компанияси қўшилди. Бундан ташқари, рўйхатга Қозоғистоннинг «Дефенс инжиниринг» корхонаси ҳамда Словакиянинг Versor компанияси ҳам киритилган. Вашингтон ушбу компанияларнинг барчаси санкциялар рўйхатига киритилган Словакия фуқароси Ашот Мкртичев билан алоқадорлигини таъкидлайди. Мкртичев - Versor президенти, Verus асосчиси ва эгаси, Defense Engineering директори. 

КХДР учун товарлар эвазига қурол 

АҚШ Мкртичевни Шимолий Корея ва Россия вакиллари билан музокара олиб боришда айблади. Бу музокаралардан мақсад, Вашингтонга кўра, Шимолий Корея учун товарлар эвазига Россияга 20 дан ортиқ турдаги қурол ва ўқ-дориларни етказиб бериш бўлган.

«Қўшма Штатлар Шимолий Кореядан Россияга ёрдам кўрсатишга уринаётган ноқонуний молиявий тармоқларни фош қилишда давом этмоқда. Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда Украина уруши марказида бўлган ноқонуний қурол савдосига қарши курашни давом эттирмоқдамиз», - деди молия вазирининг терроризм ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нелсон. 

Жисмоний шахслар ёки компанияларнинг SDN рўйхатига киритилиши Қўшма Штатларда жойлашган барча активларни музлатиш, шунингдек, ушбу мулкдорларга 50 фоиздан кўпроқ қисми тўғридан тўғри ёки билвосита тегишли бўлган ташкилотлар фаолиятини блоклаб қўйишни ўз ичига олади. Уларнинг мулки ёки манфаатлари билан боғлиқ барча операциялар АҚШ Молия вазирлиги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармасининг (OFAC) махсус лицензияси бўлмаган тақдирда тақиқланади. 

Мавзуга оид