Ўзбекистон | 10:49 / 18.08.2023
5262
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари қуруқ ва ўртача иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Ушбу ҳафтанинг энг бошида Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан салқин ҳаво массаси кириб келди, бунинг натижасида республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасайди. Кундузги ҳарорат +27...+30 даражагача пасайди, энг чекка жанубда ҳам +32...+34 даражадан юқори бўлмади.

Фото: Kun.uz

Ҳафта ўртасидан бошлаб салқин ҳаво мамлакат ҳудудидан чекина бошлади ва ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилди. Кеча кундуз куни ҳаво +33...+35 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +36...+37 даражагача исиди. Кечаси ва эрталаб илиқроқ бўлди.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, бугун ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати яна +1...+2 даражага кўтарилади ва кечалари +18...+20 даража, кундуз кунлари +35...+37 даража атрофида, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +38...+39 даражагача бўлади.

Бундай ҳарорат август ойи ўртаси учун бўлган меъёрий қийматларга яқин ва энг иссиқ йилларда август ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича кузатилган ҳароратдан нисбатан пастдир.

20 август куни шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 18-20 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун кундузи ва дам олиш кунлари ҳарорат +34...+37 даража бўлади. Шамол шарқдан эсади.

Мавзуга оид