07:48 / 23.08.2023
40374

Бир оиланинг уч нафар эгизак фарзанди давлат гранти асосида талаба бўлди

Тошкент шаҳрида Юсуповлар оиласининг уч нафар эгизак қизи нуфузли университетлар талабаси бўлди.

Фото: ЎзА

Тошкент шаҳрида истимоқат қилувчи Юсуповлар оиласида бирданига уч нафар эгизак фарзанд — Фотима, Зуҳра ва Заҳро биринчи уринишдаёқ давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилган.

Жумладан, Фотима Шарқшунослик университетига, Заҳро ва Зуҳра Жаҳон тиллари университетига ўқишга кирган.

Оила бошлиғи, тарих ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси Санжар Юсупов сўзларига кўра, бунга эришиш осон бўлмади ва кўп машаққат талаб қилди.

«5-6 синфда аниқ мақсад йўқ эди. 7-синфдан бошлаб, математика ва инглиз тилини чуқур ўрганишни бошладик. 9-синфни битирганда қизларимизда хорижий тилларга қизиқиш борлигини кўрдик, кейин уларни шу томонга қараб йўналтирдик», деди ота.

21 август куни тест имтиҳонлари натижалари чиққанидан кейин, бахтиёр ота жуда тўлқинланиб кетганини айтди.

«Натижани бир ҳафта кутдик, қизларим кўнглига ҳеч нарса сиғмади, ҳаяжонланишди. 21 августда куни билан кутдик, натижалар чиқмади. Ярим тунда шовқин-сурон бўлиб кетди, кўзимни очсам, «ўқишга кирдик» дейишди. Шунда ҳам ишонмай турдим. Натижаларни ўз кўзим билан кўрганимдан кейин ишондим... (эҳтиросларимни) тушунтириб бериш қийин. Фарзандининг грантга ўқишга кириши ота-она учун катта бахт, буни ҳар бир ота-она ҳис қилишини тилайман», деди Санжар Юсупов.

Оила бекаси Шаҳло Юсупова сўзларига кўра, фарзандлар келажаги учун сарфланган сармоя ҳар доим ўзини оқлайди.

«Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, бунинг тагида анча захмат ётибди, Худога шукр, шу кунларга етдик. Боланинг ўқиши, келажаги учун сарфланган, тикилган пул маблағ қачон бўлса ҳам ўзини оқлар экан», деди у.

Top