Ўзбекистон | 15:47 / 23.08.2023
4932
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг БМТдаги янги доимий вакили иш бошлади

Улуғбек Лапасов БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: Дунё

Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Улуғбек Лапасов БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ишонч ёрлиқларини топширди.

Бош котиб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.

У ўзгаришларни амалга оширишда, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда БМТ Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини ҳамда БМТ орқали бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилдилар.

40 ёшли Улуғбек Лапасов тайинловга қадар Ўзбекистоннинг БМТ ваколатхонаси ва Женевадаги (Швейцария) бошқа халқаро ташкилотларнинг доимий вакили лавозимида ишлаган.

У Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, шунингдек, бир қатор хорижий университетлар дастурларини тамомлаган. Ташқи ишлар вазирлиги тизимида стажёр сифатида иш бошлаган, марказий аппаратда ва хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ишлаган. 2016 йилдан бери маслаҳатчи, муваққат ишлар вакили, БМТнинг Женевадаги ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили, элчи. Француз, инглиз, рус тилларида сўзлаша олади.

Улуғбек Лапасов 2017 йилдан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлиб ишлаган Бахтиёр Ибрагимов ўрнини эгаллади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид