Ўзбекистон | 12:15 / 25.08.2023
74907
4 дақиқада ўқилади

Исҳоқжон Бегматов имом-хатиб вазифасидан озод этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси имом-хатибнинг турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ҳиссиётга берилиб қилган кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрларини танқид остига олган.

Фото: islom.uz

Халқ орасида Исҳоқжон домла деб танилган, Тошкентдаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов солиқлар ва кешбэк ҳақидаги чиқиши мунозараларга сабаб бўлиши ортидан вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилди.

25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ички назорат комиссияси томонидан Исҳоқжон Бегматовнинг тармоқлардаги бир қатор чиқишлари кенг муҳокама қилинган.

Маълум қилинишича, комиссия аъзолари имом-хатибнинг турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида, низо ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлгани қаттиқ танқид остига олган.

«Ички назорат комиссияси аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган эди. Афсуски, бундай ҳолатлар яна такрорланишда давом этди. Йиғилишда И.Бегматовнинг мазкур чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди.

И.Бегматов ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида жиддий хатога йўл қўйганини эътироф этди ва пушаймонлигини билдирди. Ички назорат комиссияси қарорига асосан имом-хатиб мазкур чиқишларида ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун Исҳоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилди», дейилади идора хабарида.

24 август куни ҳам диний идора Исҳоқжон Бегматовнинг солиқлар ва кешбэк иловаларидан фойдаланиш тўғрисидаги чиқиши кескин мунозараларга сабаб бўлаётганини таъкидлаб, унинг қарашлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслигини таъкидлаган эди.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан ушбу фаолият тури батафсил ўрганилиб, кешбэк каби иловалар орқали келиб тушадиган маблағ, мукофот ёки бонус жоизлиги ҳақида авваллари икки марта фатво берилган. Бунда ғарар (алдов) ва рибо аралашмаслиги шарт қилинган.

Ҳақиқатан, солиқ иқтисодиёт асосларидан бири бўлиб, ижтимоий ҳимоя, хайрия ишлари, боғча, мактаб, мудофаа каби аҳоли учун зарур объектларни молиялаштириш, шунингдек, йўл, кўприк ва шифохона сингари кўпчиликка муҳим иншоотларни қуриш ҳамда пенсия, нафақалар солиқ тушумлари ҳисобидан амалга оширилади», — дейилган Мусулмонлар идорасининг аввалги баёнотида.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини қонунчилик талабларига ҳурмат билан ёндашишга ҳамда халқ манфаати кўзлаб амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни доим қўллаб-қувватлашга чақирган.

Интернетда тармоқларида тарқалган видеосида Исҳоқжон Бегматов келиб тушган саволлардан бирига жавоб бериш асносида тадбиркорлар кешбэк беришини мажбурий қилиб, қонун чиқарганлар дўкон эгаларига зулм ўтказяпти, деб ҳисоблаганди.

Жорий йилнинг май ойида ҳам меҳнат муҳожирлари ҳақидаги шов-шув гаплари туфайли Шукрулло домла сифатида танилган Тошлоқ тумани бош имоми ва «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиевга ҳайфсан берилган ва туман бош имоми вазифасидан озод қилинган эди.

Мавзуга оид