09:39 / 28.08.2023
2259

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мутахассислари Эронда амалиёт ўтайди

Эрон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари, таълим ва кенгайтириш ташкилоти AREEO директори Можтаба Хаём Никуи бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Дунё АА

Ташриф доирасида Эрон вакиллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Шукуров, олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Сарвар Бузрукхонов билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Шунингдек, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолияти билан танишди.

Бўлиб ўтган учрашувлар чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларининг малакали мутахассисларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалигида инновациялардан фойдаланиш ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги, жумладан, пистачиликни ривожлантириш ва писта навларини яратиш борасида тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди. Эрон томони ушбу йўналишда тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувлар якунида ёш олимларнинг хорижий илмий марказлар ва университетларда қисқа муддатли илмий амалиётини ташкил этиш ва молиялаштириш тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Ушбу шартнома асосида жорий йил октябр ойидан бошлаб 7 нафар ўзбекистонлик мутахассислар биотехнология, ветеринария, боғбончилик, уруғчилик, ўрмончилик, механизация ва вакцинация йўналишлари бўйича AREEO’да амалиёт ўтиш мақсадида Эронга боради.

Top