Жаҳон | 15:29 / 31.08.2023
7086
2 дақиқада ўқилади

ЖАРда Йоханнесбургдаги ёнғин оқибатида 73 киши ҳалок бўлди

Фожиа Йоханнесбургнинг марказий қисмидаги беш қаватли бинода юз берди. Бу бинони уйсизлар эгаллаб олганди.

Фото: AP

ЖАРда Йоханнесбург мегаполиси марказида жойлашган бинолардан бирида содир бўлган йирик ёнғин натижасида камида 73 киши ҳалок бўлди ва 52 киши жароҳат олди, деб хабар берди пайшанба, 31 август куни маҳаллий қутқарув хизмати вакили. Унинг сўзларига кўра, қутқарув ишлари давом этмоқда, қурбонлар сони ортиши мумкин

Йоханнесбург марказидаги беш қаватли бинода ёнғин кечаси содир бўлган. Қутқарувчилар ўнлаб одамларни эвакуация қилди. Ёнғин бошланганда уйда қанча одам бўлгани номаълум. Шаҳар ҳокимияти вакилининг таъкидлашича, ҳалокат ноқонуний эгаллаб олинган бинода содир бўлган. Бундай уйларда электр йўқлиги сабабли, ёнғин шам ёки газ горелкасининг ёниши натижасида содир бўлган бўлиши мумкин. Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқ аниқланмади. 

Йоханнесбургнинг марказий қисми ташландиқ ва хавфли ҳисобланади. Марказий туманларда жиноятчилик даражаси юқори бўлганлиги сабабли кўп йиллар аввал шаҳар четига ширкатлар ва дўконлар кўчиб ўтган, шу туфайли шаҳар марказидаги кўплаб бинолар бўм-бўш, уларнинг аксарияти уйсизлар томонидан фойдаланилади. Ушбу уйларнинг қиймати тушиб кетгани сабабли, эгалари уларни таъмирлашдан бош тортиб келади.

Мавзуга оид