Ўзбекистон | 07:55 / 01.09.2023
3158
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон ТИВ ўртасида «Йўл харитаси» имзоланди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллаҳиённи Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилган.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Эроннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан ўтказган онлайн учрашувини кенг ёритмоқда, хабар берди «Дунё».

Хусусан, IRNA, Fars News, Tasnim News, Mehr News, Shafaqna, Qudsonline, IMNA ва ISNA ахборот агентликлари томонидан икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбари ўртасида кечган музокараларга бағишланган мақолалар эълон қилинди.

Нашрларда 28 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан онлайн учрашув ўтказгани маълум қилинган.

Материалларда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллаҳиённи ўз мамлакатига ташриф билан боришга таклиф қилгани қайд этилган. Учрашув якунлари бўйича икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида «Йўл харитаси» имзолангани хабар қилинган.

«Эрон - Ўзбекистон ҳамкорлиги кун тартиби икки томонлама, минтақавий ва глобал муаммолар бўйича интенсив мулоқотни ўз ичига олади. Мунтазам равишда юқори даражадаги фаол алмашинувлар янги ташаббуслар ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда», - деб ёзади Эрон оммавий ахборот воситалари.

Мавзуга оид