Эроннинг сўнгги шоҳи Ризо Паҳлавийнинг катта ўғли оммавий норозилик намойишлари фонида Эронга қайтишга тайёр эканини билдирди ва “ҳал қилувчи” пайтда АҚШ раҳбариятини ҳаракатга чақирди. Паҳлавий якшанба, 11 январ куни Fox News телеканалида намойиш этилган Sunday Morning Futures дастурида чиқиш қилди.
“Сиз ўз меросингизни тинчлик ва ёвуз кучларга қарши курашга содиқ инсон сифатида аллақачон мустаҳкамлаб қўйгансиз”, — деди шоҳнинг ўғли Оқ уй раҳбарига мурожаат қилиб. “Эронда одамлар кўчаларни сизнинг шарафингизга қайта номлаётганининг сабаби бор. Улар (эронликлар — таҳр.) сиз Барак Обама ёки Жо Байденнинг мутлақо тескариси эканингизни билади. Улар (норозилар — таҳр.) сиз уларни аввалгидек эътибордан четда қолдирмаслигингизни билади”, — деб қўшимча қилди у.
Доналд Трамп 10 январ куни Truth Social ижтимоий тармоғидаги постида норозилик намойишлари иштирокчиларини қўллаб-қувватлашини яна бир бор билдирди. Шунингдек, у 9 январдаги матбуот анжуманида ҳам Эрон режими кенг кўламли зўравонликка қўл урса, АҚШ қатъий жавоб беришини такрорлади. “Биз уларнинг энг оғриқли жойига жуда қаттиқ зарба берамиз. Бу қўшин киритиш дегани эмас, аммо энг оғриқли жойига жуда, жуда қаттиқ зарба беришни англатади”, — деди Трамп.
Паҳлавий Трампнинг очиқ қўллаб-қувватлаши норозиларни руҳлантирганини айтди ва ҳозирги пайтни миллатни “озод қилиш” учун “ҳал қилувчи палла” деб атади.
“Умид қиламанки, биз бу меросни Эронни озод қилиш орқали абадий мустаҳкамлай оламиз, шунда биз ҳам, сиз ҳам яна Эронни буюк қиламиз. Келинг, бу ишда бирлашайлик ва мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз учун яхшироқ келажак ярайлик”, — деди у АҚШ президентига мурожаат қилиб.
“Бу — бизга берилган имконият. Мен илк имконият туғилиши билан Эронга қайтишга тайёрман. Мен бу қадамни ва ўтиш даври учун жамоани аллақачон режалаштиряпман. Фақат бу гал Эрон халқи ғалаба қозонишидан умид қиламиз — ва у албатта ғалаба қозонади, чунки мен эронликлар бу иш учун ўлишга тайёр эканини биламан, мен ҳам шундайман”, — деди шоҳнинг катта ўғли.
Шу орада, The Wall Street Journal (WSJ) газетаси хабар беришича, Трамп 13 январ куни Эрондаги норозиликлар фонида АҚШ ихтиёридаги ҳаракат вариантлари бўйича маълумот олади. Учрашувда кейинги эҳтимолий қадамлар — жумладан, ҳарбий зарбалар, киберқурол қўллаш, қўшимча санкциялар, шунингдек, мухолифатни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинади, деб аниқлик киритган нашр. Reuters агентлиги эса учрашувда Трампнинг юқори лавозимли маслаҳатчилари қатнашишини қайд этди.
АҚШда жойлашган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи HRANA ташкилоти маълумотларига кўра, Эронда давом этаётган тартибсизликларда 500 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган, 10 600 нафардан кўпроқ одам ушланган.











