Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳуқуқ ҳимоячилари: Эронда ҳалок бўлганлар сони 500 кишидан ошди
АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тармоғи маълумотларига кўра, Эрондаги норозилик намойишлари давомида ҳалок бўлганлар сони 538 нафарга етди. DW журналисти хабар беришича, ҳокимият намойишчиларга қарши амалиётларда дронлардан фойдаланган.
Фото: Middle East Images / AFP via Getty Images
Эрондаги оммавий ҳукуматга қарши намойишлар жараёнида ҳалок бўлганлар сони ҳозирча 538 нафарни ташкил этмоқда. АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тармоғи якшанба, 11 январ куни ўзининг дастлабки маълумотларига таяниб шундай хабар берди. Бундан сал олдин қурбонлар сони 203 нафар деб айтилган эди.
8 январдан буён Ислом Республикасидан ахборот оқими ҳокимият жорий этган интернетнинг тўлиқ блокланиши сабаб кескин чекланган. Айни пайтда бу блоклаш 70 соатдан ортиқ давом этмоқда. DW журналисти Нилуфар Голамийнинг маълум қилишича, мамлакатдан ахборотни фақат Starlink спутник алоқаси орқали кузатиш мумкин бўляпти. Унинг таъкидлашича, Эрон ҳокимияти биринчи марта ҳаводан кузатиш орқали намойишчиларнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи патрул дронларини қўллаган. Норозиликлар қурбонларининг аниқ сони ва ҳокимият томонидан ҳибсга олинганлар ҳақида ишончли маълумот олишнинг иложи йўқ.
Голамийнинг сўзларига кўра, куч тузилмалари ҳаракатлари тобора қатъийлашмоқда, чунки бу намойишлар Эрондаги аввалги митинглардан кескин фарқ қилади: “Репрессиялар кўлами, мансабдорлар таҳдидли баёнотлари ва давлат ОАВнинг оҳангига қараганда, вазият бутунлай ўзгача — ҳокимият учун ҳам кутилмаган бўлди”. DW журналистига кўра, ҳатто касалхоналар ҳам одамлар учун хавфсиз эмас. “Яраланганларни куч тузилмалари ўғирлаб кетиши хавфи юқори. Кўп ҳолларда улар ҳалок бўлганларнинг жасадларини оилаларига қайтаришдан бош тортяпти”, — деб хабар беради Голамий.
Эрон раҳбариятига қарши ҳар куни ўтаётган оммавий намойишлар 2025 йил 28 декабрдан бери тўхтагани йўқ. Эрон хавфсизлик кучларининг намойишчиларга нисбатан қаттиқ чоралари ва интернет блокланишига қарамай, Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари кўчаларига кўп сонли норозилар чиқди. Намойишчилар кастрюлкаларни уриб шовқин қилмоқда ва “Хоманаийга ўлим” шиорини айтиб, мурожаатни Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийга қаратмоқда. Автомобил ҳайдовчилари эса қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида сигнал чалмоқда.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) 10 январ куни намойишларни бостиpиш билан таҳдид қилди. Эрон ҳарбийлари учун давлат хавфсизлигини таъминлаш “қизил чизиқ” ҳисобланади, шунинг учун “армия куч ишлатган ҳолда миллий манфаатлар, мамлакатнинг стратегик инфратузилмаси ва жамоат мулкини қўриқлайди”, — деди ИИМК давлат телевидениесида.
АҚШ президенти Доналд Трамп 10 январ куни Эрондаги кенг кўламли намойиш иштирокчиларини қўллаб-қувватлашини билдирди. “Эрон (ўзининг — таҳр.) эркинлигини кўряпти — эҳтимол, аввал бундай бўлмаган. АҚШ ёрдам беришга тайёр!” — деб ёзди Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида. У Вашингтоннинг эҳтимолий ҳаракатлари ҳақида бирор тафсилот келтирмади.
Эрон раҳбарияти, агар АҚШ Эрондаги оммавий норозилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳужум қилса, Исроил ва Қўшма Штатларга жавоб зарбалари берилиши билан таҳдид қилди. “АҚШ томонидан ҳарбий ҳужум бўлган тақдирда, қонуний нишонларимиз сифатида ҳам оккупация қилинган ҳудуд, ҳам АҚШнинг ҳарбий марказлари ва денгиздаги қатнов бўлади”, — деди Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир 11 январ куни ушбу органнинг фавқулодда йиғилишида.
Эрон баёнотлари фонида Исроил юқори тайёргарлик режимига ўтди, дея хабар берди The Times of Israel нашри.