20:25 / 04.09.2023
5558

«Ибратли оила» кўкрак нишонини бериш тартиби белгиланди 

Кўкрак нишони билан оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тақдирланади. 

Фото: Kun.uz

«Ибратли оила» кўкрак нишонини бериш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори қабул қилинди. 

Унга кўра, кўкрак нишони билан фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тақдирланади. 

Қарорга мувофиқ:

- Ҳар йили 1 мартгача Хотин-қизлар фаоллари, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифлар шакллантирилади;  

- Таклифлар туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига тақдим этилади; 

- Ҳар йили 15 мартгача номзод оилалар ҳар томонлама ўрганилиб, 15 апрелгача энг муносиблари бўйича якуний хулоса қабул қилинади.  

Номзод оилалар танланаётганда, жумладан, қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади: 

- оилада ва жамоат жойларида кутубхоналар ташкил этган;

- оила аъзолари илмли, зиёли бўлган, шунингдек, илмий даражага эга бўлган;

- ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка, ҳомийликка олган;

- оилавий спорт билан шуғулланиб, республика ва халқаро даражадаги ютуқларга эришган;

- оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшаётган оилалар.

Кўкрак нишони билан мукофотланган оилалар 15 май – Халқаро оила куни байрами арафасида тантанали тақдирланади.  

Тақдирланган ибратли оилаларга БҲМ 4 баравари (ҳозир 1 млн 320 минг сўм) миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади. 

Кўкрак нишони билан тақдирланган оилалар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойларнинг кириш қисмига «Ибратли оила» белгиси ўрнатилади.

Бир оила кўкрак нишони билан бир марта тақдирланади. 

Top