Ўзбекистон | 20:20 / 04.09.2023
8444
3 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқувчиларининг таомномаси қандай бўлиши кераклиги ҳақида маълумот берилди 

Таомномадан гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, озиқ-овқат ёғлари, қандолатчилик маҳсулотлари, сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар ўрин олиши лозим. 

Фото: РИА Новости

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Гўзал Муҳамедова ўқувчилар учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари юзасидан тавсияларини бериб ўтди. 

Умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчиларнинг хавфсиз ва соғлом овқатланишини ташкил этиш «Умумтаълим мактаблари, ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария-эпидемиологик талаблари» санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тартибга солинади. 

Унга кўра, мактаб ўқувчиларининг таомномаси қуйидагича бўлиши керак: 

- Гўшт ва гўшт маҳсулотлари (I категорияли мол гўшти, бузоқ гўшти, ёғсиз қўй гўшти (ҳафтада 1-2 мартадан кўп эмас), парранда гўшти, курка, қуён гўшти; балиқ; товуқ тухумлари омлет ёки қайнатилган ҳолда); 

- Сут ва сут маҳсулотлари (сут), пастеризацияланган, стерилланган, қуруқ; қуюлтирилган сут, қуюлтирилиб-пиширилган сут; творог; ўткир бўлмаган турдаги пишлоқ; термик қайта ишланганидан сўнг қаймоқ; кефир (қаттиқ); йогуртлар; қизариброқ ивиган қатиқ, қатиқ, бифидок ва бошқа сут маҳсулотлари; қаймоқ; 

- Озиқ-овқат ёғлари (сариёғ; ўсимлик ёғи; салатлар, винегретлар, сельдь балиғи, иккинчи таомлар салат ёғи; маргарин пишириқлар учун); 

- Қандолатчилик маҳсулотлар (конфетлар (зефир, қиём, мармелад маъқул), шоколад ҳафтасига бир мартадан ошмаслиги керак; қотирилган кулча нон (галета), пишириқ, крекер, вафли, кекс (таъм берувчи моддаларсиз); пишириқлар, тортлар (уваланадиган хамирли ва бисквитли, кремсиз); қиём, мураббо, повидло, корхонада қадоқланган асал); 

- Сабзавотлар (картошка, карам, гулкарам, сабзи, лавлаги, бодринглар, помидорлар, қовоқча (кабачки), кулчақовоқ (патиссон), пиёз, саримсоқ (кичик мактаб ёшидаги болалар учун чекланган миқдорда), петрушка (кашничсимон кўкат), шивит, сельдерей (кашничсимон ошкўк), томат пастаси, томат-пюре); 

- Мевалар (олма, нок, олхўри, узум, ва бананлар; ҳар кимнинг истеъмол қила олиш қобилиятига қараб цитрусли (апельсин, мандарин, лимон); қуритилган мевалар); 

- Дуккаклилар (нўхат, ловия, соя, мош); 

- Шарбат ва ичимликлар имкон қадар кичик қадоқда; консервантларсиз ва қўшимча моддаларсиз ишлаб чиқариш туридаги витаминли ичимликлар; какао, чой; ичимлик сув; 

- Консервалар (гўштли консерва; консерва овқатлари (гўштли суюқ овқат (рассолник), мол гўштли карам шўрва, мол гўштли гречка каби табиий маҳсулотлар бўлмаганда истисно тарзида); лосось (қизил гўштли балиқ), сайра ёғда, қовурилган скумбрия балиғи; шарбатлар, мева бўлаклари, бақлажон ва қовоқча икраси; стерилланган помидор ва бодринглар; 

- Нон, ёрма, макарон маҳсулотлари — барча турлари чекланмаган миқдорда. 

«Мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида соғлом овқатланишга доир кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш, ўқувчиларнинг сифатли ва соғлом озиқ-овқатлар билан таъминланишини назорат қилиш соғлом авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этади», дейилади хабарда. 

Мавзуга оид