Жамият | 10:55 / 07.09.2023
44605
11 дақиқада ўқилади

Фирибгар домла (ҳаётий ҳикоя)

«Отам ўқитувчи эди. Бир умр ҳалол яшади ва бошқаларга ҳам шундай яшашни уқтириб ўтди. У мен учун идеал одам тимсоли эди ва назаримда ўқитувчиларнинг барчаси шундай эди. Бироқ кейинчалик фирибгарликни ўзига касб қилиб олган бир ўқитувчига чув тушганимдан сўнг одамнинг оласи ичида бўлишига ишондим».

Фотоколлаж: Kun.uz

«Ҳаётий ҳикоялар» рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоя қаҳрамони бир пайтлар тадбиркорлик қилган оддий жайдари одам. У бундан анча йиллар аввал бошидан ўтказган ҳодисани айтиб берар экан, уни сизларга ҳавола этишга қарор қилдик.

«Мен ўқитувчи оиласида туғилганман. Ёшлигимда зиёли отам мен учун энг аввал ҳалоллик, сўнг одоб-ахлоқ бўйича ҳар томонлама ўрнак бўлган.

Бирон марта унинг бировни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, қаттиқроқ гапирганини эшитмаганмиз. Катта-кичикни, ҳатто ўз ўқувчиларини ҳам сизлаб гапирарди.

Улғайгач негадир отамнинг йўлидан кетмадим, тадбиркор бўлдим. Бироқ ўқитувчиларга бўлган ҳурматим сақланиб қолаверди. Кейинчалик муаллимдан ёмон одам чиқмайди деган тушунча туфайли анчагина пулга чув тушдим.

2005-йиллар, пойтахтдаги бозорлардан бирида савдо қиламан. Ҳафтада бир кун улгуржи бозор бўлади. Ўша куни кўплаб мижозлар келишади ва биздан қуруқ мева олишади.

Бошқа кунларда савдо сустроқ бўлади ва қўшнилар билан шахмат ўйнаб ўтирамиз. Шу пайтда бозор оралаб юрган одамлар орасидан шахматга қизиқадиганлари ўйинимизни томоша қилади. Айримлари бизга қарши ўйнайди.

Ана шундай кунлардан бирида шахмат ўйнаб турган пайтимизда оқ кўйлак, қора шим кийган, бўйнида бўйинбоғи бор, бир зиёлинамо одам ҳам ўйинимизни томоша қила бошлади.

Эртаси куни ўша одам яна келди. У билан танишдик, айтишича Самарқанд вилоятида туғилган экан (бизга қўшни туман номини айтди). Ўқишни битириб Тошкентда қолган, уйланиб бола-чақа қилган, Тошкентдаги институтлардан бирида биологиядан дарс бераркан.

Шахмат ўйини пайтида турли мавзуларда суҳбатлар бўлар, шу жумладан кимнинг қанча савдо қилгани ҳам муҳокама қилинарди. Домла (мен у одамни шундай деб атай бошладим) индамай қулоқ соларди.

Бора-бора домла олдимизга тез-тез келадиган бўлди, ёзги таътил пайти эди, бунга ажабланмадик. Бироқ таътил пайтида нега ҳар куни оқ кўйлак ва галстук таққан ҳолда келади, шунисига тушунмасдик.

Бу орада домла ўзимизнинг қадрдонлардай бўлиб кетди. Кунларнинг бирида у мени меҳмонга чақирди. Айтилган вақтда уйига бордим. Домла тўрт қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватида икки хонали уйда тураркан.

Домланинг уйига кириб борар эканман, унинг ниҳоятда камтар яшашини кўриб ҳайрон қолдим. Уйда ошиқча жиҳознинг ўзи йўқ, борлари ҳам анча уриниб қолганди.

«Домла ниҳоятда ҳалол одам шекилли. Институтда қишки ва ёзги сессия пайтида ёки ҳар йили 2-3 нафар болани ўқишга киритса ҳам 3-4 сўм ишлаб оларди. Шароитига қараганда шу ишларни қилмас экан» деб ўйладим ва унга бўлган ҳурматим ошди.

Ошни еб бўлгандан сўнг домла билан бироз суҳбатлашиб ўтирдик. У мендан қишлоғим, маҳаллам номигача сўраб олди. Сўнг ўзи ҳақида гапирди. Бироқ туғилган қишлоғи номини айтмади. Домланинг бир қизи ва бир ўғли бўлиб, улар мактабда ўқир экан.

«Тошкентда яшаш осонмас. Маошни етказиб бўлмайди. Шу уйни ҳам қарз-ҳавола қилиб олганмиз. Рўзғорни ҳам амаллаб турибмиз, Худога шукр. Ҳали ҳаммаси изга тушиб кетади», деди домла.

Ўша пайтда мен уникига меҳмон бўлиб келганимга ҳам хижолат бўлдим.

Шундан кейин ҳам домла бозорга шахмат ўйинига келиб турди. У шахматни яхши ўйнай олмас, тезда ютқазарди. Бироқ хафа бўлмасин деб унга навбат берардик.

Бу орада мен уйга қайтдим ва бир неча кун юк тайёрлаш билан машғул бўлдим. Шундай кунлардан бирида ҳовлида ишлаб тургандим, очиқ турган дарвозадан домла кириб келди. Ҳайрон қолдим.

«Ука, мен ҳам қишлоққа келгандим, сизни бир кўриб кетай дедим», деб у мен томонга қучоғини очиб келаверди. Иккаламиз минг йиллик қадрдонлардай бир-биримизни бағримизга босдик.

Домла ўша куни бизникида қолди. Эртаси куни эрталаб жўнаб кетди. Домла билан қўнғироқлашиб турдик. Орадан бир неча кун ўтиб мен ҳам Тошкентга қайтдим.

Пойтахтга қайтганимнинг эртаси куни домла бозорга келди. Мени четроққа тортди ва йиғлаб юборди. Унинг кўриниши жуда аянчли эди.

«Ука, бошимга оғир мусибат тушди. Ану куни ўғлимнинг мазаси бўлмади, текширтирсам докторлар оққон бўлган дейишди. Тезда пул топиб даволатмасам боламдан айрилиб қоламан. Илтимос, қарз бериб туринг. Қишлоқда уй қураман деб олиб қўйган ерим бор, ўшани сотиб пулингизни қайтараман», деди у.

Бу хабарни эшитиб ғалати бўлиб кетдим. Домлани нима деб юпатишни билмасдим. У менга умид билан келибди, бироқ ўша пайтда қўлимда домла сўраётган пул йўқ эди. Дарҳол қўшнилардан қарз олдим ва домлага бериб юбордим.

Ўша пайтда домлага берган пулимга шаҳар чеккасидан бир хонали уй берарди (у пайтларда Тошкентда уйлар анча арзон эди). Домла пулни олгач анча пайт менга миннатдорчилик билдириб турди ва кетди.

Шундан сўнг мен ўз ишим билан овора бўлдим, бекор пайтимизда шахмат ўйнашда давом этдик. Энди домла келмасди. Боласи билан овора бўлиб юргандир бечора, деб бир-икки марта қўнғироқ қилдим, бироқ телефонига тушиб бўлмади.

Орадан икки ҳафта ўтиб кетса ҳам домладан бошқа дарак бўлмади. Ҳануз унга телефон қилиб тушиб бўлмасди.

Ўша кунларда аэропорт томонга ишим тушиб қолди. Автобусда кетар эканман, елкасига мактаб сумкасини илиб олган бола кўзимга таниш кўринди. Бола менга ён томондан кўринаётганди. Домланинг ўғлига жуда ўхшаркан деб ўйладим.

Бир пайт бола мен томонга ўгирилди. Қарасам домланинг ўғли. У мени кўрди-ю, бирдан ранги ўзгарди ва автобусдан тушиш учун эшик томон юрди.

Домланинг ўғлини кўриб ҳайрон бўлдим. Домла ўғлим оғир касал, даволашга ётқизишим керак, деганди. Даволаниб бўлдимикан? Кейин домла Юнусободда турарди, ўғли бу ёқда нима қилиб юрибди?

Автобус тўхташи билан бола ундан тушди ва кўп қаватли уйлар томон юра бошлади. Уни кузатиш учун мен ҳам автобусдан тушдим. Бола буни кўрди-ю югуриб уйлар орасига кириб кетди. Унинг изини йўқотдим.

Шундан сўнг хаёлимга минг бир фикр келди. Наҳотки домла мендан пул олиш учун ўз боласи ҳақида ёлғон гапирган бўлса?! Йўғее, болам оғир касал деб пул олиш учун киши виждонини тамомила йўқотган бўлиши керак. Домла унақа одам эмас. Боласи даволаниб, соғайиб кетган бўлса керак. Унда ўғли нега мени кўриб қочиб кетди?

Ўша куни кечки пайт домланинг уйига бориб, ундан ҳол-аҳвол сўраб келишга қарор қилдим. Бу ҳақда ўзига айтмоқчи бўлгандим, телефони яна ишламади.

Домланинг эшигини анча пайт тақиллатдим, бироқ ҳеч ким очмади. Шу пайт қўшни опа чиқди.

«Сиз ҳам домлани қидириб келдингизми? Беш кунча бўлди, бу уйни эгасига топшириб, бошқа жойга кўчиб кетди. Аэропорт тарафдан бошқа квартирани ижарага олдим, дегандай бўлувди. Мабодо сиз ҳам унга пул бериб чув тушганлардан эмасмисиз? Сўнгги кунларда бир қанча одам қидириб келди, домла уларни алдаб, пул олган экан, энди қочиб юрганмиш», деди.

Опанинг гапларини эшитиб, карахт бўлиб қолдим. Киши бир нарсага жуда қаттиқ ишониб юрганида ўша нарса сароб бўлиб чиқса қандай аҳволга тушади. Мен ҳам шундай ҳолга тушдим.

Наҳотки домла мени чув тушириш учун ўз боласини оғир касалга чиқарган бўлса? Ўйлаб ўйимга етолмасдим. Ўшанда домлага берган пулимга куйишим мумкинлиги эмас, ишониб юрган одамим, бунинг устига жуда ҳурматли бўлган ўқитувчининг фирибгар бўлиб чиқиши менга кўпроқ таъсир қилганди.

Қизиғи, домла менга ўхшаган соддаларни тўхтовсиз чув тушираётган бўлса, пулларни нима қилаётган экан? Биргина мендан олган пулга оиласи билан бемалол бир йил яшаса бўларди. Бошқалардан нега пул олган? Ўйлаб ўйимга етолмасдим.

Қўшни опадан «Ўзини ўқитувчи деб таништирганди, ростдан ўқитувчими ёки бунда ҳам алдаганми?» деб сўрасам, «Ростдан ўқитувчи, фалон институтда ишлайди», деди.

Ўша куни туни билан ухлолмай чиқдим. Наҳотки ўқитувчи фирибгар бўла олса?! Менинг ўлчовим бўйича бу мумкин эмасди. Ўзи халққа илм ва маърифат тарқатадиган одам фирибгар бўлиши мумкинмас деб ўйлардим.

Шундай бўлиб чиқяптими, демак замон ўзгарибди. Йўқ, замон жойида турибди, одамлар ўзгарибди ва улар учун муқаддас нарса қолмабди.

Эртаси куни институтга домлани қидириб бордим, бироқ тополмадим. Ҳамкасбларининг айтишича, анчадан буён ишга келмайди. Раҳбарият уни ишдан бўшатиш масаласини муҳокама қилиш арафасида турибди.

Шунча сўрасам ҳам институтдагилар домла доимий рўйхатдан ўтган уйнинг манзилини беришмади. Беришганда ҳам у ердан тополмаслигим аниқ эди.

Бир неча кундан сўнг қўшни опанинг «Домла аэропорт тарафга кўчди» деган гапи эсимга тушди. Ўғлини ўша тарафларда кўриб қолганим бежизга эмас экан-да. Уни қидириб, яна йўлга тушдим.

Ўша куни домланинг ўғли қочиб кетган жойга бордим. Атроф тўла кўп қаватли уй, улардан домланинг янги манзилини топиб бўлмасди. Шундан сўнг маҳалла идорасига бордим. Балки домла ҳақида уларда маълумот бордир.

Маҳалла раиси кимни қидириб юрганимни эшитди ва бошини чайқади. Сўнг бепул маслаҳат берди:

«Сўнгги кунларда уни қидириб келган бешинчи одам бўлдингиз. Ҳамма унга пул берганини, домла эса қочиб юрганини айтяпти. Домла бу ерга кўчиб келиб бир ой ҳам яшамади. Уч кун аввал кўчиб кетди. Қаерга кетганини эса билмайман. Сизга маслаҳатим – ички ишлар ходимларига мурожаат қилинг».

Шундан сўнг ҳафсалам пир бўлди ва домлани қидиришни тўхтатдим. Тўғриси уни қаердан қидиришни ҳам билмасдим. Барчасини Худога солдим ва ишим билан кетавердим.

Ўшандан кейин ҳам Тошкентда анча йил юрдим, бозорда савдо қилдим. Бироқ домла ҳақида бошқа хабар эшитмадим. Унинг ўзига ёки болаларига кўзим тушмади.

Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганлари рост экан. Домлага чув тушгандан сўнг бегона одамлар билан эҳтиёт бўлиб муомала қиладиган бўлдим.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид