“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоянинг қаҳрамони ҳаёт синовларига дуч келган оддий аёл. У уч нафар қиз фарзанд кўргач эри ташлаб кетган.

Қизлари билан ёлғиз қолган аёл тақдир синовларида енгилмайди, бироқ кун кечириш осон ҳам бўлмайди. Бугун у икки қизини узатган, фақат кенжаси билан яшаяпти. Бироқ турли аҳмоқона урф-одатлар деб, қиз узатиб ҳам ташвишлардан қутула олмаяпти.

“Балоғат ёшига яқинлашаётган ҳар бир қиз келажакда ўзига муносиб йигит билан оила қуришни ва у билан бахтли ҳаёт кечиришни хоҳлайди.

Менда ҳам шундай бўлган. Мактабни битирганимдан сўнг совчилар кела бошлади. Ота-онам ўзлари маъқул деб билган йигитга розилик билдиришди.

Бўлажак куёвни танирдим, назаримда тарбияли, яхши йигит эди. Шу сабабли рози бўлдим. Рози бўлмаслик чораси ҳам йўқ эди. Кўп ўтмай тўйимиз бўлди. Ҳаммаси яхши эди. Бахтдан сармаст эдим. Бироқ кўп ўтмай барчаси ўзгариб кетди.

Бу орада ҳомиладор бўлдим ва қиз фарзанд кўрдик. Ўшанда эрим фарзанд кўрганига, қайнота-қайнонам набирали бўлишганига жуда хурсанд бўлишди.

Тўнғич фарзандим уч ёшга яқинлашганда яна ҳомиладор бўлдим. Яна қиз туғилди. Шундан сўнг эримнинг муносабати ўзгарди. У аввалгидай меҳр кўрсатмас, мендан кўнгли совиб борарди.

Кўп ўтмай эрим қўшни давлатга бориб савдо билан шуғуллана бошлади. Уйга 3-4 ойда бир келар ва биз билан бир ҳафтача туриб кетарди.

Уйга келган пайтлари ўртоқларидан ортмас, эрталаб чиқиб кетса ярим кечада қайтарди. Мен иккита қиз туғган аёл унга юрак ютиб эътиборли бўлишини айта олмасдим. Аниқроғи оғзимни ҳам очолмасдим.

Яъни иккита қиз туғганим учун эрим, қайнонам ва қайнотам зимдан мени айблар, бора-бора ўзимни ростдан айбдор деб ҳисоблайдиган бўлиб қолдим.

Тўнғичим олтига, иккинчи қизим уч ёшга кирганда яна ҳомиладор бўлдим. Бу сафар ҳам қиз туғилди. Ўшанда эрим келган пайт эди, бироқ туғуруқхонадан олиб чиқиш учун бормади. Қайнонам ва қайнотам бирга яшардик, мени улар олиб келишди.

Ўшанда на эрим, на қайнонам ва қайнотам менга ҳеч нарса дейишмади. Лекин уларнинг сукунати ва совуқ муомаласи мени еб битираётган эди.

Кунларнинг бирида эрим сафарга отлана бошлади. Хатти-ҳаракатларидан, қарашларидан менга нимадир демоқчи бўлаётганини сезиб турардим. “Э Худо, жавобимни бериб, уйдан ҳайдаб юбормасин” деб турардим. Агар шундай қилса ота уйимга сиғмасдим ва учта болам билан кўчада қолишим аниқ эди.