07:49 / 07.09.2023
5214

Ўзбекистонда хусусийлаштиришнинг янги услублари белгиланмоқда

Амалдаги қонунда белгиланмаган хусусийлаштиришнинг янги 8 та услуби киритилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан хусусийлаштиришнинг барча босқичлари, хусусийлаштиришнинг принциплари батафсил тўғридан тўғри амал қилувчи қонун даражасида мустаҳкамланмоқда. Хусусийлаштиришнинг қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик каби принциплари белгиланяпти.

Амалдаги қонунда белгиланмаган электрон-онлайн аукцион, танлов ва биржа, музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот асосида сотиш, корхонани ва кўчмас мулк объектини бошқа жамиятнинг устав фондига киритиш ва корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби хусусийлаштиришнинг янги 8 та услуби киритилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан хусусийлаштирилган мулкнинг дахлсизлигини кафолатлаш белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Top