Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Mobiuz'ни хусусийлаштириш: 3 та даъвогар энг охирги босқичда
Ўзбекистон ҳукумати Mobiuz алоқа операторини хусусийлаштириш бўйича 6 та талабгордан мажбуриятга эга таклифларни қабул қилиб олди. Улар орасидан 3 таси энг жозибали деб топилди ва уларга ўз таклифини яхшилаш учун 23 январгача муддат берилди.
Фото: Yandex-хариталар
“Universal Mobile Systems” МЧЖ (Mobiuz) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёнининг якуний босқичи давом этмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, савдо жараёнида:
- 10 та хорижий инвестордан мажбуриятсиз таклифлар келиб тушган;
- 7 та талабгор якуний (мажбуриятга эга қатъий нарх таклифлари) босқичига ўтказилган;
- 6 та талабгор белгиланган муддат – 2025 йил 19 декабргача мажбуриятга эга таклифларини тақдим этган;
- энг юқори сотиб олиш қиймати ва битимнинг бошқа муҳим жиҳатлари бўйича энг рақобатбардош шартларни таклиф этган 3 та талабгор аниқланган.
Энди якуний учталик шорт-листга кирган талабгорлар 2026 йил 23 январ соат 23:59 гача ўз таклифини янада яхшилаш учун қўшимча муддатга эга.
Маълумот учун, Давактив 2025 йил август ойидаги баёнотида Mobiuz'га 15 та халқаро ва маҳаллий компания қизиқиш билдирганини маълум қилганди.
Июл ойида Bloomberg ўз манбасига таяниб Ўзбекистон ҳукумати бу хусусийлаштиришдан 300 млн доллар кутаётганини ёзган, Давактив эса бу рақамни Bloomberg'га ҳавола берган ҳолда ўз каналида қайта улашган эди.