Ўзбекистон | 11:45 / 08.09.2023
10531
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари асосан иссиқ ва қуруқ об-ҳаво кузатилади

Бугун эрталабдан келаётган кузнинг яна бир эслатмаси сифатида осмонни булутлар қоплади ва кузги салқинлик ҳис этилди.

Фото: Kun.uz / Нуриддин Нурсаидов

Куннинг биринчи ярмида республиканинг марказий ҳудудларида булутли бўлади, баъзида ҳаво булутлардан очилиши сақланиб туради, айрим жойларда бироз ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида қуёшли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +27...+32 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда +35...+37 даражагача бўлади.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, шанба ва якшанба кунлари ҳудуднинг катта қисмида иссиқ ва қуруқ об-ҳаво бўлади. Ҳаво ҳарорати шанба куни +30...+35 даража, якшанба куни +32...+37 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда +39 даражагача бўлади.

Дам олиш кунлари шимолий-ғарбий ҳудудларда об-ҳаво ёмонлашиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилоятининг шимолида вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати +22...+27 даражагача пасаяди.

Пойтахтимизда 8 сентябрда булутли бўлади, баъзида ҳаво булутлардан очилади, куннинг биринчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-14 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат +30...+32 даража бўлади.

Дам олиш кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат шанба куни +30...+32 даража, якшанба куни +35...+37 даража бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид