Ўзбекистон | 19:28 / 11.09.2023
28163
3 дақиқада ўқилади

Чангли ҳаво шароити бўйича аҳолига тавсиялар берилди (+фотожамланма)

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида саломатлик учун зарарли чанг бўрони кузатилмоқда. Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича халқаро рейтингда 1-ўринга чиқди. Санитария-эпидемиология қўмитаси бундай шароит учун актуал тавсияларни эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Ҳаво таркибидаги чанг зарралари уйлар, ишхоналар, автомобилларнинг эшик-деразаларидан сизиб кириб, ёпиқ хоналар ҳавосини ҳам чанг заррачалари билан ифлослантириши мумкин, дейилади қўмита ахборотида.

Санэпидқўм тавсиялари:

  • Кўчага иложи борича камроқ чиқиш;
  • Ишга, ўқишга, харид учун кўчага чиққанда тиббий ниқоб тақиш ва ҳар 2 соатда алмаштириш;
  • Кўчадан уйга қайтгач душ қабул қилиш (соч ва юз-кўзларни яхшилаб ювиш);
  • Калит, кўзойнак, телефон ва сумкани намланган салфетка билан яхшилаб артиш;
  • Кўчага кийиб чиққан кийимларни ювиш;
  • Устки кийимларни (костюм, плаш, палто ва бошқалар) маска таққан ҳолда ташқарида яхшилаб қоқиш;
  • Ним таъсир этувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни тез-тез чайиш;
  • Кўпроқ суюқлик (илиқ) ичиш, иложи бўлса кўк чой, наъматак дамламасини ичиш;
  • Ёғли, қовурилган, дудланган, тузланган, шўр, аччиқ таомларни чеклаш;
  • Суюқ сабзавотли таомлар, сут ва сут маҳсулоталари (қатиқ, кефир ва бошқалар), кўкатларни истеъмол қилиш.
  • Чанг кўп тўпланишининг олдини олиш ва уйни ҳамда юзаларни тўғри тозалаш керак:
  • Уй, ишхона ва машина эшиклари ва деразаларини зич ёпиш.

Таъкидланишича, чанг йиғилиши мумкин бўлган ҳамма нарсаларни чангютгич ёрдамида тозалаш керак (ковролин, гилам, юмшоқ мебел, юмшоқ ўйинчоқлар ва бошқалар). Юмшоқ мебелни қоқишдан аввал усти намланган латта билан ўралиши тавсия этилади.

Чанг йиғилиши мумкин бўлган барча юзаларни (пол, шкаф, ишчи юзалар ва бошқалар) кун давомида бир неча марта намланган латта билан яхшилаб артиш лозим. Оёқ кийимларини эшик олдида қолдириш ва имкон қадар тезроқ ювиб қўйиш керак.

Хона ҳавоси оптимал намлигини таъминлаш: ҳўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш тавсия қилинади.

“Нафас йўли сурункали касалликлари бор юртдошларимизга чангли ҳавода ташқарига чиқмасликни тавсия қиламиз”, – дейилади Санитария-эпидемиология қўмитаси мурожаатида.

Фото: Анвар Илясов
Фото: Анвар Илясов
Фото: Анвар Илясов

Соат 19:25 ҳолатига Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши бўйича IQAir рейтингида дунё шаҳарлари орасида 1-ўринни эгаллаб турибди. Аввалроқ “Ўзгидромет” шаҳар ҳавосидаги ифлосланиш даражаси саломатлик учун зарарли даражага етганини тасдиқлаган эди.

Kun.uz фотомухбири пойтахтнинг чангли манзарасидан фотожамланма тайёрлади.

Мавзуга оид