Ўзбекистон | 18:54 / 11.09.2023
5728
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Дунёдаги бахтиёрлик ҳисоботи»да бир поғона пастлади 

Марказий Осиёнинг учта давлати – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон 2023 йилги «Дунёдаги бахтиёрлик ҳисоботи»га киритилди.

«Дунёдаги бахтиёрлик ҳисоботи» (The World Happiness Report) БМТ барқарор ривожланиш ечимлари бўлими томонидан ҳар йили эълон қилинади.

2011 йил июл ойида БМТ Бош Ассамблеяси аъзо давлатларни ўз халқи бахтиёрлигига баҳо беришга ва ундан ўз давлати сиёсатида қўлланма сифатида фойдаланишга чақирувчи резолюцияни қабул қилган эди. Шундан сўнг, 2012 йилда Бутан бош вазири Жигме Тинли раислигида БМТ «Бахт ва фаровонлик: янги иқтисодий парадигмани аниқлаш» мавзусида биринчи олий даражадаги йиғилиш бўлиб ўтди. Бу тасодиф эмас, чунки Бутан ривожланишнинг асосий кўрсаткичи сифатида ялпи ички маҳсулот ўрнига Ялпи миллий бахт кўрсаткичини расман қабул қилган дунёдаги биринчи ва ҳозирча ягона давлатдир.

Ўзбекистон 2023 йилги ҳисоботда (.pdf) 54-ўринда қайд этилди. Бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан бир поғона паст ҳисобланади.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 44-ўриндан, Тожикистон 80-ўриндан жой олган. Қирғизистон ва Туркманистон рўйхатга киритилмаган.

Кетма-кет 6 йилдан бери Финландия «Дунёдаги бахтиёрлик ҳисоботи» рейтингида 1-ўринни эгаллаб турибди. Кейинги ўринларда Дания, Исландия, Исроил ва Нидерландия қайд этилган. 

Gallup World Poll томонидан сўровнома усулида олинган ҳаёт кўрсаткичлари йиллик бахт рейтинги учун асос бўлиб хизмат қилади. Респондентлардан ўз ҳаётини 0 дан 10 гача бўлган шкала бўйича баҳолаш сўралади. Рейтинглар миллий миқёсда, танлов асосида уч йиллик кўрсаткичлардан тузилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид