Иқтисодиёт | 14:58 / 12.09.2023
37422
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон газ импортини 7 баробарга оширган. Бюджет тақчиллиги 5,7 фоизга етган

Йилнинг 1-ярмида табиий газ импорти 7,2 баробарга ошиши ортидан, консолидациялашган бюджет харажатлари даромадлардан 27 трлн сўмга ошиб кетган. Бу тақчиллик асосан ўтган йилги қолдиқ маблағлар ва қарз олиш ҳисобига қопланган.

Фото: “Ўзтрансгаз”

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари 153,8 трлн сўмни, харажатлари 180,8 трлн сўмни ташкил этди.

Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 26,9 трлн сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга (470 триллион сўм) нисбатан 5,7 фоизга тенг бўлди.

Бу – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йиллик ижроси юзасидан ҳисоботда келтириб ўтилган. Маълумот учун, жорий йилги бюджет қонунида консолидациялашган йиллик дефицит кўрсаткичи 3 фоиздан ошмаслиги зарурлиги кўрсатилган.

ИМВ ҳисоботига кўра, мамлакатда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 23,6 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга камайган бўлишига қарамай, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида газ импорти ҳажми 2,6 млрд куб метрни (2022 йилда 364 млн куб метр) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 баробарга ошган.

Табиий газ импортига доир бу маълумот Статистика агентлигининг расмий рақамларини рад этади. Агентликка кўра, 2023 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистон 200 млн долларлик газ импорт қилган ва бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 2,6 баробарга кўп бўлган. Статистика агентлиги импорт ҳажмини нарх қийматида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса физик ҳажмда кўрсатган бўлса-да, улар орасидаги бир неча баробарлик номувофиқлик яққол кўзга ташланади.

Эслатиб ўтамиз, республика бўйлаб январ ойида аномал совуқ об-ҳаво кузатилган, ҳукумат бунинг оқибатларини юмшатиш учун шошилинч табиий газ импорти бўйича чоралар кўришига тўғри келганди. Бюджет тақчиллигининг кескин ошиши газ импорти кўпайиши билан боғлиқ эканини аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов айтиб ўтган эди.

Маълум бўлишича, консолидациялашган бюджетдаги 26,9 трлн сўмлик тақчиллик қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилган:

  • давлат қарз маблағларини жалб қилиш ҳисобидан 6,7 трлн сўм (шундан ташқи қарз маблағлари ҳисобидан 1,7 трлн сўм, давлат қимматли қоғозларини ички бозорда жойлаштириш ҳисобидан 5,0 трлн сўм);
  • давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган тушумлар ҳисобидан 1,5 трлн сўм;
  • давлат дастурларини амалга ошириш учун Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари 4,2 трлн сўм;
  • давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг йил бошига қолдиқ маблағлар ҳисобидан 14,5 трлн сўм.

Биринчи ярим йилликда (бюджетлараро трансфертларни ҳисобга олмаган ҳолда):

  • давлат бюджети даромадлари 102,3 трлн сўм (2022 йил 1-ярмига нисбатан +11,1%), харажатлари 116,8 трлн сўм (+24,6%);
  • давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 25,9 трлн сўм, харажатлари 34,95 трлн сўм;
  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тушумлари 4,8 трлн сўм, чиқимлари 7,9 трлн сўм;
  • бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушумлар 20,9 трлн сўм, чиқимлари 16,96 трлн сўм;
  • ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига харажатлар 4,2 трлн сўмни ташкил этган.

Ҳисобот даврида давлат қарзини сўндириш харажатлари 9,1 трлн сўмга етган.

Давлат бюджети даромадларининг 74,6 фоизи Солиқ қўмитаси, 23,7 фоизи Божхона қўмитаси томонидан шакллантирилган. Солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга ошган.

ЯИМ, инфляция ва аҳоли даромадлари

Вазирликка кўра, 2023 йилнинг 1-ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 469 619 млрд сўмни ёки ўсиш суръати 5,6 фоизни (йил бошидаги прогноз – 5,2%) ташкил этди.

Бунда, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери хизматлар соҳаси бўлиб, унинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 6,4 фоизни (ўсишдаги ҳиссаси – 2,6 фоиз банд) ташкил этди. Шунингдек, саноат 5,6 фоизга (1,4 ф.б), қурилиш ишлари – 4,8 фоиз (0,3 ф.б) ва қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизга (0,7 ф.б) ўсди.

Жорий йилнинг 6 ойида истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 3,5 фоизни (2021 й. – 4,4%, 2022 й. – 6,5%) ташкил этди, бунда, озиқ-овқат 4,1 фоизга, ноозиқ-овқат – 3,1 фоиз ва хизматлар 2,9 фоизга қимматлашди. Ноозиқ-овқат маҳсулотларидан дори воситалари нархи 6,5 фоизга, маиший ювиш ва тозалаш воситалари – 5,4 фоиз, цемент – 4,6 фоиз, асосий уй-рўзғор буюмлари ва электр жиҳозлари – 3,5 фоиз, метан ҳамда пропан нархлари мос равишда – 3,2 фоиз ва 3 фоизга ошган бўлса, бензин нархи 3 фоизга пасайиши кузатилди.

2023 йил якуний истеъмол 6,9 фоизга ошди, бунда, аҳоли реал даромадлари 6,5 фоизга ошиб, аҳоли жон бошига умумий даромадлар 9,3 млн сўмни ташкил этди.

Мавзуга оид