Иқтисодиёт | 20:50 / 12.09.2023
19662
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда илк марта юқори кучланишли кабеллар ер остидан ўтказилмоқда

Ўзбекистон тарихида илк марта Тошкент шаҳрида юқори кучланишли ерости кабелларини ётқизиш бошланди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, бунга йил охиригача 300 млн доллардан ортиқ маблағ сарфланади. Кейинчалик бу амалиётни бутун республикада татбиқ қилиш режалаштирилган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Тошкентда юз берган электр таъминотидаги узилишлар такрорланишининг олдини олиш ва тизимга тушадиган босимни камайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида ерости кабелларини ўтказиш бошланган. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

“Биз подстанцияларни тўғриламасак, улар юқори кучланишни кўтара олмайди. Тошкент мисолида жорий йилдаги қиш ва ёз ойларида буни яққол кўрдик. Биринчи ўринда Тошкент шаҳри бўйича Ўзбекистон тарихида илк марта юқори кучланишли ерости кабелларини ётқизяпмиз. Бунга йил охиригача 300 млн доллардан ортиқ маблағ сарфланади”, – деди Жўрабек Мирзамаҳмудов 11 сентябр куни журналистлар билан учрашувда.

Вазирнинг айтишича, кейинчалик бу амалиёт бутун республика бўйича жорий қилиниши кўзда тутилган. Бунинг учун тахминан 8-10 млрд доллар атрофида маблағ талаб қилинади. Тарифларни либераллаштирмасдан туриб эса, соҳага инвесторларни жалб қилиш имконсиз.

Ҳудудларда трансформаторларнинг эскиргани ва уларга нисбатан юкламанинг ортиб бораётгани ҳам электр таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда.

“Электр таъминотидаги узилишларга тақсимловчи тармоқлардаги трансформаторларнинг эскиргани сабаб бўлмоқда. Жуда кўп ҳудудларимизда уларнинг юкланганлик даражаси жуда катта бўлиб кетган. Меъёр бўйича 1 та трансформаторга юклама 75 фоиздан ошмаслиги керак. Масалан, Тошкент вилоятида юкланганлик даражаси 95 фоиз, Андижонда 92 фоиз, Тошкент шаҳрида 90 фоиз, Наманганда 84 фоизга етган. Чора кўрмасак, юклама янада ортиб, қийинчиликлар юзага келиши мумкин”, деди Мирзамаҳмудов.

Мавзуга оид