18:18 / 12.09.2023
5469

Тошкентда қурувчи 10 туп дарахтни қасддан қуритгани аниқланди

Етказилган зарар миқдори 250 млн сўмга яқин.

Фото: Экология бошқармаси

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Шаҳриобод кўчасидаги қурилиш майдонида A.G. корхонаси 6 туп мевали ва 4 туп манзарали дарахтнинг қуриб қолишига шароит яратган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Экология бошқармаси хабар берди.

Қайд қилинишича, Экология бошқармаси ходимлари томонидан 2023 йил феврал ойида қурилиш майдонидаги 30 туп дарахт хатловдан ўтказилган. Корхона эса дарахт ва буталарга шикаст етказиш, қуриб қолишига шароит яратиш ёки қуриб қолиши учун кимёвий моддаларни тўкиш ҳамда дарахтларни ноқонуний кесилиши қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Шунга қарамай, қурилиш ишларини олиб бориш жараёнида қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйилган: 3 туп ўрик, 2 туп гилос, 1 туп хурмо дарахти ҳамда 3 туп чинор, 1 туп шумтол дарахти ўсишдан тўхтайдиган даражада шикаслантирилган. Экология бошқармаси етказилган зарар миқдорини 248 млн 94 минг сўмга баҳолаган.

Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо берилиши мақсадида прокуратура органларига тақдим этилгани айтилмоқда.

Top