Ўзбекистон | 10:12 / 13.09.2023
17913
2 дақиқада ўқилади

Амударё туманига янги ҳоким тайинланди

Сабир Хожаметов Амударё тумани ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлади.

Фото: joqargikenes.uz

Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманига янги ҳоким тайинланди.

ЎзА хабарига кўра, жорий йилнинг 12 сентябр куни Амударё тумани халқ депутатлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгаш йиғилишида ташкилий масала кўрилди. Сабир Хожаметов Амударё тумани ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлагани маълум қилинди.

Сабир Хожаметов Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.

Сабир Хожаметов

Маълумот учун, жорий йилнинг 11 июл куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди.

Унда Амударё (Султонбой Йўлдошев), Қўрғонтепа (Элёрбек Набижонов), Бухоро (Хайрулло Жўраев), Миришкор (Шерали Санаев), Чироқчи (Нодир Эркаев), Хатирчи (Сайфиддин Низомов), Пайариқ (Зафар Эргашев), Оқолтин (Дилмурод Фозилов), Гулистон (Сайдимқул Бегимқулов), Оққўрғон (Алишер Каримжонов) туманлари, Навоий (Муратхан Эгамқулов) ва Янгийўл (Фарҳод Мирзаев) шаҳарларида инвестиция муҳити қониқарсизлиги танқид қилинди. Президент ушбу туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берганди.

Мавзуга оид