Жаҳон | 19:22 / 21.11.2025
39669
4 дақиқада ўқилади

«Чегара билмас дарёлар» Ўзбекистон аҳолиси номидан Роғун ГЭС қурилишидан шикоят қилди

«Чегара билмас дарёлар» (Rivers without Boundaries) жамоат фонди Амударёнинг қуйи оқимида яшовчи Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолиси номидан Жаҳон Банкига мурожаат қилди, аммо рад жавобини олди.

Фото: tgem.tj

Тожикистоннинг Роғун гидроэлектр станцияси (ГЭС) қурилиши экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. «Чегара билмас дарёлар» (Rivers without Boundaries) жамоат фонди ушбу вазиятни ўрганишни сўраб, Амударёнинг қуйи оқимида яшовчи Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолиси номидан Жаҳон Банкига мурожаат қилди.

Қайд қилинишича, Жаҳон Банки (ЖБ) ижрочи директорлар кенгаши Роғун ГЭС қурилиши билан боғлиқ эҳтимолий экологик хавфлар бўйича текширув ўтказишдан бош тортган.

«Шу тариқа, молия ташкилоти вакиллари Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолисининг шикоятини кўриб чиқмади. Айнан шу одамлар гуруҳи халқаро тузилмалар орқали ГЭС қурилиши экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини тахмин қилиб, вазиятни ўрганишни сўради. Аммо Жаҳон Банки раҳбарияти бунга йўл қўймади ва қарорни бундай шикоятларни фақат молиялаштирилаётган мамлакат, яъни Тожикистон аҳолиси бериш ҳуқуқига эга экани билан изоҳлади», дейилади хабарда.

Бир нечта экологик ташкилотлар билан бир қаторда «Чегара билмас дарёлар» фондини ҳам ўз ичига олган Rogun Alert коалицияси вакилларининг фикрича, ЖБ минтақанинг ҳақиқий экологик ва ижтимоий муаммоларини «муҳокама қилишдан қочиш учун расмий сабабдан фойдаланган». Хусусан, гап сув ресурслари тақчиллиги, сув сифатининг ёмонлашуви, экотизимларнинг таназзулга учраши ва минглаб одамларнинг кўчирилиши ҳақида бормоқда.

Жаҳон Банкининг инспекция комиссияси шу йил июнь ойида Роғун ГЭС қурилиши бўйича мониторинг ўтказиб, текширув бошлашни тавсия қилган эди. Шу вақтда экспертлар лойиҳани амалга ошириш «табиатга зарар етказиши мумкинлигини» аниқлади. Аммо ЖБ директорлар кенгаши ички қоидаларни рўкач қилиб, тавсияни рад этди. Ваҳоланки, 2010 йилда Ўзбекистон аҳолисининг Роғун ГЭС қурилишига нисбатан шунга ўхшаш шикоятлари кўриб чиқилган эди.

«Инспекция комиссияси текширув бошлашни тавсия қилгани Ўзбекистон ва Туркманистон аҳолисининг хавотирлари асосли эканини тасдиқлайди. Директорлар кенгашининг юридик расмиятчиликлар асосида рад этиши лойиҳанинг мураккаб ва етарлича баҳоланмаган трансчегаравий оқибатлари учун жавобгарликдан қочишга уринишдек кўринади, бу эса Амударёнинг қуйи оқимидаги миллионлаб одамларнинг ҳаётини ёмон томонга ўзгартириши мумкин», деди «Чегара билмас дарёлар» жамоат фонди бош мутахассиси Евгений Симонов.

Мутахассиснинг таъкидлашича, вазият сувдан фойдаланиш масаласи долзарб бўлган бутун Марказий Осиё учун хавфли прецедент яратиши мумкин.

Шу билан бирга, Rogun Alert коалицияси вакиллари ГЭС қурилиши атрофидаги вазиятни кузатишда давом этишини ва Жаҳон Банки манфаатларини эътиборсиз қолдирган одамларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя этишнинг муқобил йўлларини излашини маълум қилди.

Роғун ГЭС Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. Гидроэлектрстанция қурилишининг барча босқичларини 2031 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. У Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станциясига айланиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид