Жаҳон | 22:07 / 13.09.2023
27142
4 дақиқада ўқилади

Путин Россияда мигрант геттолари пайдо бўлишининг олдини олишга чақирди 

Шу билан бирга, Путин Россия иқтисодиёти мигрантларга муҳтожлигини, аммо янги технологиялар жорий этилса, уларнинг катта оқими талаб қилинмаслиги мумкинлигини таъкидлади. 

Фото: Roscongress Foundation

Ғарбда содир бўлаётганидек, Россияда мигрантлар учун алоҳида яшаш ҳудудлари (гетто) пайдо бўлишига йўл қўя олмаймиз. Бу ҳақда 12 сентябр куни Шарқий иқтисодий форум (ШИФ) доирасидаги мажлисда Россия президенти Владимир Путин гапирди. 

«Россияга мигрантлар оқими билан боғлиқ вазиятга эҳтиёткорлик билан ёндашиш ва геттолар пайдо бўлишининг олдини олиш керак», деди Путин. 

Сессия модератори Иля Доронов айрим хорижий мамлакатларда мигрантлар яшайдиган ҳудудлар шаклланаётганини, ҳатто полиция ҳам у ерга киролмаслигини таъкидлади. 

«Биз буни эътиборга олишимиз ва ҳеч қандай ҳолатда мамлакатимизда воқеаларнинг бундай ривожланишига йўл қўймаслигимиз керак, бу Россия давлати учун жуда нозик масаладир», деб жавоб берди Путин. 

Шу билан бирга, Путин Россия иқтисодиёти мигрантларга муҳтожлигини, аммо янги технологиялар жорий этилса, уларнинг катта оқими талаб қилинмаслиги мумкинлигини таъкидлади. 

«Иқтисодиёт, албатта, меҳнат мигрантларидан маълум соҳаларда фойдаланишни талаб қилади. Энг муҳими, қурилиш соҳасида - менинг фикримча, барча меҳнат мигрантларининг 33 фоизи бор. Агар бизга мигрантлар оқими керак бўлса, унда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун ҳақиқатан ҳам зарур бўлганларни танлаб олинг. Аммо яна бир йўл бор - бу бир вақтнинг ўзида оддий ва мураккаб. Оддийлик шундаки, агар биз кўп сонли ишчиларни талаб қилмайдиган янги технологияларни жорий қилсак, бунчалик катта мигрантлар оқими керак бўлмаслиги мумкин», деди президент. 

Унинг сўзларига кўра, қийинчилик бошқа вазифада - мамлакатнинг ўзини технологик ривожлантириш, ишлаб чиқариш базасини янгилаш ва ҳоказоларда, чунки бу вазифани «бугун ёки эртага» амалга ошириб бўлмайди, чунки бу катта инвестициялар, ишончли ҳаракатларни талаб қилади.  

«Бу муаммони ҳал қилишнинг кўп йўллари бор, биз фақат ишлашимиз керак, буни қиламиз», деди Путин. 

Шу билан бирга, Путин Россияда миграция масаласи АҚШ ёки Европа давлатларига қараганда осонроқ эканига эътибор қаратди, чунки мигрантлар оқими асосан собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан келади. 

«Бизга улар билан ишлаш осонроқ, уларнинг мамлакати раҳбарлари ҳамма нарсани тушунади ва биз билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Ҳозир кўплаб давлатлар билан бизга келаётган одамлар учун тайёргарлик дастурларини амалга оширмоқдамиз. Хўш, гап нима ҳақда? Рус тилини ўрганиши учун, Россия қонунларини ўрганиши учун. Одамлар тушуниши керакки, агар улар бошқа давлатга борса, унинг урф-одатлари ва маданиятига риоя қилиши шарт ва ҳоказо. У ерда иш кўп», деб тушунтирди Путин. 

Бу, президент сўзларига кўра, Россия фуқаролари учун жуда муҳим масала, чунки миграция оқими улар учун безовта қилувчи омил бўлмаслиги керак. 

«Ва бу энг муҳими. Биз, албатта, биринчи навбатда, Россия фуқаролари манфаатларини ўйлашимиз керак», деди Путин. 

Унинг таъкидлашича, Россия меҳнат бозоридаги мигрантлар сони ҳозирда ишлаётган фуқароларнинг умумий сонига нисбатан унчалик катта эмас - атиги 3,7 фоиз. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид