Жаҳон | 09:36 / 14.09.2023
4540
2 дақиқада ўқилади

Европа кенгаши раҳбари Тоғли Қорабоғдаги вазиятни юмшатишга чақирди

Шарл Мишел минтақадаги кескинликни бартараф этиш мақсадида Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари билан доимий алоқада. У яна Қорабоғга инсонпарварлик юклари олиб келинаётган Лочин йўлагини блокдан чиқаришга чақирди.

Фото: AFP / TOFIK BABAYEV

Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел 1 сентябр куни оммага эълон қилинган таклифлар асосида Тоғли Қорабоғдаги кескинликни юмшатиш учун фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, дейилади Европа кенгаши 13 сентябр, чоршанба куни чоп этган пресс-релизда.

Ҳужжатда таъкидланишича, Мишел сўнгги бир неча кун ичида Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбатлар ўтказган ва 10 сентябрда Нью-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммити доирасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан вазиятни муҳокама қилган.

Лочин йўлагининг блокададан чиқарилиши

Матбуот учун хабарда қайд этилишича, бу саъй-ҳаракатлар Боку, Ереван ва Қорабоғ арманлари вакиллари билан кундалик алоқалардан ташқари, тарангликни юмшатишга ёрдам бериш ва Қорабоғга инсонпарварлик ёрдамини таъминлайдиган ечим ишлаб чиқишга қаратилган.

Ҳужжатда Россия ҳуманитар карвонининг Агдам-Аскеран йўналиши бўйлаб ўтиши маҳаллий аҳолига мунтазам ҳуманитар юк етказиб беришни тиклаш учун шароит яратишига умид билдирилган. «Жойдаги вазият тез ёмонлашмоқда. Қорабоғга зарур маҳсулотлар етказиб берилишини таъминлаш жуда муҳим. Агдам-Аскеран йўлининг очилиши Лочин йўлагининг қайта тикланишига ёрдам берадиган муҳим қадамдир», - дейилади маълумотда.

Шарл Мишел куз ва қиш арафасида Лочин йўлагини очиш муҳимлигини таъкидлади.

Мавзуга оид