Ливиядаги тошқин нега бу қадар кўп одам ҳаётига зомин бўлди?
Ливия шарқида рўй берган сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 мингдан ошган, яна 10 мингдан ошиқ киши бедарак кетган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда БМТ Ливия Қизил Ярим ой жамиятига асосланиб хабар берган.

Фото: AFP
БМТ вакиллари мамлакат «эпик миқёсдаги фалокат»ни бошдан кечираётганини қайд этган.
Сув тошқинидан энг кўп жабрланган Дерна порт шаҳри мэри Абдулменам Ал-Гаитининг ҳисоб-китобларига кўра, Дерна дарёсининг юқори оқимидаги иккита тўғон бузилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 20 минггача етиши мумкин.
Ал-Гаити «Ал-Арабия» телеканалига берган интервюсида у қурбонларнинг жасадларини чиқариб олиш бўйича мутахассислар жамоасига эҳтиёж сезмоқда.
Қароргоҳи Тобрук шаҳрида бўлган Ливиянинг шарқий қисми ҳукуматининг расмий вакили денгизга «мунтазам равишда ўнлаб жасадлар оқиб кетгани» ҳақида айтган.
БМТ сув ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар тарқалиши эҳтимолидан огоҳлантирган.
Ливиянинг қароргоҳи Триполида жойлашган маъмурияти раҳбарлари эса ҳалокатли сув тошқинига олиб келган икки тўғон қулаши ҳолати юзасидан текширув бошлашни талаб қилган.

Ҳалокатли тошқин
Экспертлар қурбонлар сони бу қадар кўплиги сабаблари борасида ҳозирча эҳтиёткорлик билан фикр билдирмоқда, аммо амалда деярли барча тўғонлар кўп йиллар мобайнида керакли ҳолатда сақланмаганига эътибор қаратмоқда. Шу сабабли, Ливиянинг шимолий-шарқий соҳилларига «Даниэл» бўрони ёпирилганида, улар ўз функцияларини бажара олмай қолган.
Дернадаги сув тошқини — иқлим ва географик шароит бўронни қандай қилиб ҳалокатга айлантириши мумкинлигига яққол мисолдир.
«Гап мол-мулк ва одамлар ҳаёти йўқ бўлиши ҳақида кетганда, сув тошқинлари энг ҳалокатли табиий офатдир», — дейди Майами Университетида экология ва сиёсат фанлари профессори Кэтрин Мач. Аммо улардан келиб чиқадиган хавф ва зарар жиддий фарқланиши мумкин, у ёки бу жойдаги сув тошқини оқибатлари қатор омилларга боғлиқ бўлади, дейди у.
Бундай омиллардан бири — иқлим. Ливия қуруқ иқлимга эга ва бундай кучли ёғингарчиликлар камдан кам рўй беради. Ливия Миллий метеорология маркази маълумотига кўра, ўтган ҳафта якшанба куни Дерна атрофида рекорд даражада ёғин тушган — тахминан 400 мм, ҳолбуки, одатда бу минтақада бутун сентябр ойида жами 1,5 миллиметр ёғин ёғарди.
Иқлим ўзгариши ёғингарчилик кучайишига сабаб бўлмоқда, дейди Мач хоним. Сентябр ойи бошида худди шу «Даниэл» довули Греция ва Туркияда ҳам кучли тошқинлар келтириб чиқарганди.
Қурғоқчил ҳудудларда, қоидага кўра, ёмғир суви ерга сингиб кетмасдан, тупроқ юзасида қолади, бу эса тошқинларни келтириб чиқаради. Нисбатан нам ҳудудларда эса катта миқдордаги сувни шимиб оладиган ғовакли тупроқ тошқинлар юзага келишига йўл қўймайди.

Дернадаги тўғонлар анча вақт олдин, ёғингарчилик ва бошқа омиллар учун ҳозирга келиб эскирган стандартлар бўйича қурилган. Эрта огоҳлантириш тизими ва фавқулодда ҳолатларда реакция қилиш протоколлари ҳам аллақачон эскирган бўлиши мумкин.
«Агар уларда нормал ишлайдиган метеорология хизмати бўлганида, у огоҳлантириш берган бўларди», — деган Жаҳон метеорология ташкилоти (WMO) бош котиби Петтери Таалас.
Тааласнинг сўзларига кўра, WMO аввалроқ метеорология тизимини ислоҳ қилиш учун Ливия ҳукуматига ёрдам кўрсатишга уринган, аммо ходимлар хавфсизлиги таъминланмагани туфайли бу саъй-ҳаракатлар муваффақиятсизликка учраган.
Айни вақтда Иқлим ўзгаришлари бўйича ҳукуматлароаро экспертлар гуруҳи прогнозларига кўра, Ўрта Ер денгизи минтақасида Ливияни остин-устун қилган «Даниэл» каби бўронлар келгусида камроқ бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳалокатли кучи сезиларли даражада ортади.
Эскирган инфратузилма
Иккинчи омил — тўғонларнинг ва умуман олганда инфратузилманинг ҳолати.
Дерна дарёсидаги тўғонлар 1973-77 йилларда Югославиянинг Hidrotehnika-Hidroenergetika компанияси (ҳозирда Сербияда) томонидан қурилган. Бу атрофдаги далаларни суғориб, Дерна ва қўшни шаҳар ҳамда қишлоқларни сув билан таъминлаши кўзда тутилган инфратузилмалар тармоғининг бир қисми эди. Икки тўғон ҳам — уйиб ҳосил қилинган, мос равишда 75 ва 45 метр баландликка эга, сув сақлаш ҳажми — 18 ва 1,5 млн куб метр бўлган.
Сув ўтказмайдиган бетон арк ёки контрфорс (ғишт тирговучли) тўғонлардан фарқли ўлароқ, уйма дамбалар кўпинча экстремал об-ҳаво шароитларига бардош бера олмаслиги туфайли танқид қилинади.

Умар ал-Мухтор Университети гидрологи Абдулванис Ашурнинг 2022 йил ноябр ойида нашр этилган мақоласида ёмғирлар мавсумида сув оқимини ушлаб туриши керак бўлган тўғонлар зудлик билан таъмирлашга муҳтож эканига эътибор қаратилганди. У шунингдек Иккинчи жаҳон урушидан бери минтақада кўп бор рўй берган сув тошқинларидан мисоллар келтирганди.
«Тўғонларни режали равишда таъмирлаш бўйича шошилинч чоралар кўрилиши керак, чунки йирик сув тошқини рўй берса, оқибатлари водий ва шаҳар аҳолиси учун ҳалокатли бўлади»», — дея ёзганди ўшанда Ашур.
Дерна шаҳри мэри ўринбосари Аҳмад Мадруд «Ал-Жазира» мухбирига айтишича, тўғонларга йигирма йилдан ортиқ вақт давомида тегишли хизматлар кўрсатилмаган.
«Дамбаларга 2002 йилдан буён қаралмаган ва улар катта эмасди. Дарё қирғоғидан тошганида у йўлидаги барча биноларни ва улардаги одамларни олиб кетди», дейди у.
Khalifa Ihler Institute тинчликпарвар ташкилоти ҳаммуассиси ҳамда Германия глобал ва минтақавий тадқиқотлар институти докторанти Асма Халифанинг таъкидлашича, тўғонлар вайрон бўлишида ҳукуматнинг муаммога эътиборсизлиги ва Ливиядаги сиёсий зиддиятлар катта рол ўйнаган.
Халифанинг сўзларига кўра, Қаззофий 1969 йилда ҳокимиятни эгаллаганидан кейин Ливиянинг шарқий ҳудудлари инвестициядан маҳрум бўлган. Мамлакат шарқидагилар полковникни ёқтиришмасди, жумладан, у ўз ҳокимиятини қуришда Ливия ғарбидаги қабилалар гуруҳига таянгани учун. Молиялаштиришда ҳам асосий эътибор ғарбий ҳудудларга қаратилади.
«Ливиядаги тўғонлар, айниқса мамлакат шарқидагиларига, йиллар мобайнида таъмирланмаган, бошқарув органлари уларни сақлаб туриш учун етарли молиявий ёрдам ажратмаган, бу эса салбий оқибатларга олиб келди. Тўғонлар сув тошқинларидан ҳимоялаш ўрнига шаҳарни сувга бостирди», — дейди Иқлим ва хавфсизлик маркази илмий ходими Малак Алтойиб.
«Дернадаги сув тошқини 2020 йил августида Байрут портида рўй берган портлаш ва шу йил февралида Туркияда рўй берган зилзила билан бир хил схемада кечди: ҳукумат эҳтимолий офатга керакли реакция қила олмади ёки унинг олдини ололмади, чунки унинг салоҳиятига коррупция, лоқайдлик ва лаёқатсизлик туфайли путур етганди», — деб ҳисоблайди собиқ америкалик дипломат ва АҚШ Тинчлик институтининг конфликтдан кейинги тикланиш бўйича эксперти Кит Майнс.
Майнс, шунингдек, Ливиядаги ҳалокат учун халқаро ҳамжамият ҳам маълум даражада жавобгар эканини, чунки улар мамлакатдаги низоли томонларни яраштира олмагани, натижада мамлакатни тиклаш ишлари амалга оширилмаганини таъкидлаган.
«Мамлакат қанчалик бой бўлмасин, инфратузилмалар нуқтайи назаридан у жуда заиф, — дейди Халифа. — Ва бу ерда ўн йилдан буён қуролли тўқнашувлар кечмоқда, икки ҳукумат бутун мамлакатни бошқариш лаёқатига эга эмас ва улар фақат ҳокимиятни сақлаб туришга имкон берадиган ҳарбий гуруҳлар тузиш ва уларни молиялаштиришдангина манфаатдор».

Ливияни ким бошқармоқда?
Ливияда қарийб ўн йилдан буён қўшҳокимлик юзага келган — мамлакат шарқий ва ғарбий қисмга бўлинган.
2011 йилда Муаммар Қаззофий ағдарилганидан кейин Ливияда ҳокимият учун бир неча гуруҳ ўртасида кураш бошланади. Турли фракциялар тарафдорлари тўқнашувларидан кейин 2014 йилда мамлакатда иккита маъмурият шакллантирилади. 2020 йилда улар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишади, аммо сиёсий қарама-қаршилик давом этади.
Триполидаги БМТ томонидан тан олинган ва қўллаб-қувватланадиган Миллий бирлик ҳукуматини бош вазир Абдул Ҳамид Дбейба бошқаради.
У 2021 йилда БМТ воситачилигида мамлакатда бир неча ой ичида сайловлар ўтказилиши кўзда тутилган келишув доирасида лавозимга киришганди. Аммо сайловлар ўтказилмай қолди.
Вакиллар палатаси деб номланадиган парламент ҳукумати эса Триполидан минг километр шарқдаги Тобрукда ўрнашган. Бу ҳукумат Ливия шарқи ва жанубдаги катта ҳудудларни бошқаради — бу ҳудудлар асосан одам яшамайдиган чўллардан иборат. Унинг раҳбари — бош вазир Усама Ҳамад, бош вазир қароргоҳи Бинғозида жойлашган.
Аммо кўпчилик шарқдаги ҳақиқий ҳокимият Ливия миллий армияси деб аталадиган кучли қўшин қўмондони бўлган генерал Халифа Ҳафтарнинг қўлида деб ҳисоблайди. Уни Миср, БАА ва Россия қўллаб-қувватлайди.
Ҳафтар 2014 йилда радикал кучлар эгаллаб олган Дернани қамал қилган ва 2018 йилга келиб шаҳарни ўз назоратига олганди.
Асма Халифанинг ҳисоблашича, шарқ ва ғарб ўртасидаги кўп йиллик адоватга барҳам берилмас экан, Ливияда кейинги иқлим ҳалокатига қарши туриш учун имконият жуда кам бўлади.
«Бу улкан ва бой, аҳолиси кам бўлган мамлакат ўн йиллик фуқаролик уруши ва турли қуролли тўқнашувлар туфайли вайрон бўлган, ҳолбуки бу муаммоларнинг олдини олиш мумкин эди, — дейди у. — Ва бизда бундай инқироз ва иқлим ўзгаришига тайёр бўлиш учун етарлича ресурслар мавжуд».
Мавзуга оид

17:10 / 25.04.2025
Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида сел хавфи эълон қилинди

15:54 / 20.03.2025
Кейинги ҳафтада об-ҳаво кескин ўзгариши кутилмоқда

09:05 / 31.01.2025
Россия Суриядаги ҳарбий контингентини Ливияга кўчирадими?

20:51 / 06.01.2025