Суриядек иттифоқчисидан айрилган Россиянинг нигоҳлари бугун Ливияга қаратилган. Бу Москвага Африкадаги мавжудлиги ва Европага таъсирини мустаҳкамлаш имконини беради. Профессор Фарҳод Каримов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзуни хариталар узра шарҳлаб берди.

Ливиядаги бугунги ҳукмрон кучлар қайсилар?

— Бугунги кунда Ливия яхлит давлат эмас. 2011 йилдаги Араб баҳори воқеаларидан кейин, мамлакат иккига бўлиниб қолган. Мамлакатнинг ғарбий қисмлари, хусусан пойтахт Триполи шаҳрини БМТ, Ғарб ва айниқса Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган расмий ҳукумат назорат қилади.

Мамлакатнинг катта қисмида эса дунё ҳамжамияти томонидан расман тан олинмаган армия бошқаруви ўрнатилган. Армияга Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофий армияси сафида хизмат қилиб, катта шон-шуҳратга эришган генерал Халифа Ҳафтар бошқаради. У фуқаролик уруши бошлангач 2009 йилда ўзи туғилиб ўсган Бенғозий шаҳрида бир гуруҳ ҳарбийларни жамлаган ҳолда, Ливиянинг бир қатор ҳудудларини бирлаштириб, Миллий Ливия армияси тузилганини эълон қилган.

Ливия тарихдан Туркия билан ёнма-ён юрган, чунки Туркия бир пайтлар Усмонлилар империясининг Африка минтақасидаги таянч нуқталаридан бири бўлган. Шу сабаб Ливиядаги энг асосий ташқи ўйинчилардан бири бу айнан Туркия.

Ҳозир Ливияда Россиянинг қандай кучлари мавжуд?

— Муаммар Қаззофий ҳокимиятга келганида, асосий иттифоқчиси сифатида СССРни танлаган. СССР эса ўша пайтда Африка минтақасида Ғарб таъсирининг кучайиши ва ўзининг минтақадаги таъсир доирасини сақлаб қолиш мақсадида бу ердаги бир қанча мамлакатлар билан бирга Ливияни, жумладан Муаммар Қаззофий ҳукуматини қўллаб-қувватлаган. Бу йўлда СССР томонидан марказий чўл ҳудудлари, жумладан, Тобрук, Бенғозий ва бошқа бир қатор шаҳарлар атрофларида ўзининг ҳарбий базаларини шакллантиришга эришган. Ливия армиясининг асосий инструкторлари ва қурол-яроғ билан таъминловчилари СССР ҳукумати бўлган.

Иттифоқ парчаланганидан кейин эса Россия бу ҳудуддаги манфаатларни мерос қилиб олган ва Муаммар Қаззофий ҳукуматини сақлаб қолишнинг имкони бўлмагач, унга муносиб ворис сифатида генерал Ҳафтарни қўллаб-қувватлашни бошлайди ва қуруқлик ҳамда ҳаводан унга ёрдам бериш мақсадида бир қатор ҳарбийларни Ливия ҳудудига жойлаштирган.

Шунингдек, Россия мазкур ҳудуддан бутун Марказий Африкада ўз таъсирини ўрнатиш ҳамда минтақанинг қолган давлатларига қурол-яроғ етказиб беришда фойдаланган.