13:21 / 21.09.2023
5828

БМТда «океанлар учун конституция» имзоланди

Денгиз биологик хилма-хиллиги бўйича глобал пакт 2030 йилгача дунё қуруқлик ва сувларининг 30 фоизини ҳимоя қилиш бўйича келишилган мақсадга эришиш учун муҳим восита сифатида кўрилмоқда.

Фото: SWR

21 сентябр, чоршанба куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеясида 67 давлат БМТнинг Жаҳон океанларини ҳимоя қилиш бўйича янги конвенциясини имзолади. «Конвенцияни имзолаш орқали биз океанларни инсон босимидан ҳимоя қила оламиз ва 2030 йилгача сайёрамизнинг камида 30 фоизини ҳимоя қилиш мақсадимизга бир қадам яқинлаша оламиз», деди Европа Иттифоқининг атроф-муҳит бўйича комиссари Виргиниюс Синкевичус. У ҳужжатни «океанлар учун конституция» деб атади. Шартнома кучга кириши учун давлатлар томонидан миллий даражада ратификация қилиниши керак.

Деярли 15 йил давомида муҳокама қилинган Денгиз биохилма-хиллигини ҳимоя қилиш бўйича глобал пакт 2023 йил март ойида келишилган ва июн ойида БМТ томонидан расман қабул қилинган. У ўтган йили келишилган 2030 йилгача дунё ер ва сувларининг 30 фоизини («30 гача 30») ҳимоя қилиш мақсадига эришиш учун муҳим восита сифатида қаралмоқда. Сўнгги йилларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва чекланмаган балиқ овлаш туфайли дунё океанига таҳдидлар кучайган. Океанларнинг карбонат ангидридни сингдириш қобилиятини оширадиган денгиз тубида қазиб олиш ва геоинженерия технологияларидан янги хатарлар пайдо бўлиши мумкин.

«30 гача 30» мақсадига эришиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш гуруҳлари келишув 2025 йилгача тўлиқ амалга оширилиши кераклигини билдирди. «Океан кута олмайди ва келишув деярли 20 йил давомида тузилганини ҳисобга олсак, вақтни беҳуда сарфлашга ҳожат йўқ», деди Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш жамғармасининг денгиз ишлари бўйича эксперти Жессика Бэттл. Ўз навбатида, Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) ҳисоб-китобларига кўра, келишувни амалга оширишни бошлаш учун 500 миллион доллар, амалга ошириш ва салоҳиятини ривожлантириш учун махсус фонд яратишга эса йилига яна 100 миллион доллар керак бўлиши мумкин.

Top