Жаҳон | 12:51
1505
3 дақиқада ўқилади

«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида

Reutersʼга интервью берган БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш – Ғазода «уруш жиноятлари содир этилган ёки этилмагани»га доир саволга дуч келди.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш. Фото: Брендн МакДермид / Reuters

3 декабрь куни БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Нью-Йоркдаги Reuters НEХТ конференциясида нашрнинг ўзига интервью берди. У қатор халқаро масалалар, жумладан Исроилнинг Ғазо секторидаги уруши ҳақида гапириб, бу «асосий жиҳатдан нотўғри» бўлганини айтди.

«Менимча, тинч аҳолининг ўлими ва Ғазони вайрон қилиш масаласида бутунлай бепарволик билан олиб борилган бу операциянинг ўзида тубдан нотўғри нарса бор,» деди Гутерриш.

«Амалиётнинг мақсади Ҳамасни йўқ қилиш эди. Ғазо вайрон бўлди, аммо Ҳамас ҳали йўқ қилинмади. Демак, бу иш қандай олиб борилганида… асосий муаммо бор,» деди БМТ бош котиби.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Исроилнинг Ҳамасга қарши 2 йиллик урушида секторда 70 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Уларнинг 20 мингга яқини болалар. Яна 170 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган, деярли бутун Ғазо вайроналарга айланган.

Айнан ушбу ҳолатда «уруш жиноятлари содир этилган ёки этилмагани» ҳақидаги саволга Гутерриш: «Бу эҳтимол ҳақиқат бўлиши мумкинлигига жуда кучли асослар мавжуд,» — деб жавоб берди.

БМТ бош котиби Антонио Гутерриш Reuters Бош муҳаррири Алессандра Галлони билан суҳбатлашмоқда. 3 декабрь, 2025 йил. Фото: Брендн МакДермид / Reuters

Шунингдек, Гутерриш АҚШни Ғазода ҳуманитар ёрдам етказиш имкониятларини яхшилашдаги роли учун мақтади. Август ойида глобал очлик мониторинги Ғазода очарчилик бошланганини билдирган эди.

«БМТ ва АҚШ ўртасида гуманитар ёрдам бўйича ажойиб ҳамкорлик бор. Умид қиламанки, бу муносабат давом этади ва янада ривожланади,» деди у.

БМТ узоқ йиллардан бери Ғазога ёрдам етказишдаги тўсиқлар ҳақида шикоят қилиб келади, бунинг учун Исроил қўйган чекловлар ва беқарорликни сабаб қилиб кўрсатади. Исроил эса БМТ бошчилигидаги ёрдам операциясини танқид қилиб, Ҳамасни ёрдамни ўғирлашда айблайди.

БМТ бош котибининг сўзларига жавобан Исроилнинг БМТдаги элчиси Денни Данон унинг ўзини айблади.

«7 октябрдаги даҳшатли қирғиндан сўнг икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, БМТ Бош котиби ҳанузгача Исроилга ташриф буюрмади. Аксинча, ҳар бир имкониятда Исроил ва исроилликларни танқид қилиш учун ўз минбаридан фойдаланмоқда», деди у.

Reutersʼнинг эслатишича, 2024 йил октябрь ойида ўша пайтдаги Исроил ташқи ишлар вазири бўлган Исраэл Кац – БМТ бош котиби Антонио Гутерришни мамлакатга киритишни тақиқлаган.

Ғазода 10 октябрдан буён нозик сулҳ амал қилмоқда. Бироқ Исроил Ғазога зарбалар беришда ва тинч аҳолини ўлдиришда давом эттирмоқда. Бунда Ҳамас ва Исроил бир-бирини АҚШ воситачилигидаги келишувни бузганликда айблайди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид