Махсус репортаж: ўзбекистонлик дунганларнинг тўйлари қандай ўтади?
XIX асрда Хитой шимоли-ғарбий қисмидаги хуэйлар дунганлар қўзғолонидан кейин Марказий Осиёга келиб қолишган. Ўзбекистоннинг хитой мусулмонлари 1926 йилда 132 нафар бўлган бўлса, 90-йилларга келиб, уларнинг сони ўн бараварга ошади. Улар ўз она тилидан ташқари ўзбек тилида ҳам мукаммал гаплаша олишади. Kun.uz мухбири дунган элатининг тўйида бўлиб, хуэйларнинг келиб чиқишидан то Ўзбекистонга кўчиш тарихи ва бугунги ҳаёт тарзи билан қизиқди.

Тошкентнинг ёнгинасида жойлашган Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи дунган этник гуруҳи ҳақида репортаж қилиш мақсадида Дунган миллий-маданий маркази раиси Мане Савуров билан боғландик. У эса бизни яқин кунларда бўлиб ўтадиган дунганча тўйга чақирди. Яхши таклиф. Чунки тўйлар - халқларнинг маданият ва урф-одатлари ҳақида маълумот берувчи энг маъқул восита.

Ўша кун ҳам келди. Мане Давурович ташлаб берган манзилни навигаторга солиб, йўлга тушдик. Пойтахтдан 39 дақиқалик йўл экан. Соат тонгги еттида келиннинг хонадонига етиб боришимиз керак. Чунки келинга тонг саҳардан миллий соч турмаги қилиш маросими бошланади. Бу удум дунган маданиятининг ажралмас қисми ва тўй кунининг энг биринчи босқичи ҳисобланади.
Хонадонга етиб келганимизда аллақачон маросим бошланиб бўлган экан. Дунганлар – мусулмон элат. Лекин улар қаерда яшашмасин ўзларининг хитойча урф-одат ва тилини йўқотишмаган. Келинлик кийими ҳам айнан хитой маданиятига хос бўлиб, у ўша халқнинг тақинчоқ ва безаклари билан безатилади.
Ҳаммасидан аввал дунган мусулмонларининг этник келиб чиқишидан Ўзбекистон ҳудудига келиб қолиш тарихигача бўлган маълумотлар билан таништириб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Милодий 7-аср. Кунлардан бир куни Чин давлатининг Танг императори тушида яшил кийимдаги йигит уни йиртқич ҳайвондан қутқарганини кўради. Донишмандлар императорга бу туш таъбирини йиртқич ҳайвон унинг кўчманчи душманлари, халоскор йигит ва яшил ранг эса Ғарб томонда пайдо бўлган Ислом динининг рамзи эканлиги билан изоҳлашади ва айнан шу дин вакилларининг ёрдами билан империяни қутқариш мумкинлигини башорат қилишади.
Император уларнинг маслаҳатига қулоқ тутиб, Арабистонга ўз элчиларини юборади ва у ёқдан ёрдам сифатида уч минг араб аскари Хитойга юборилади. Туш ўнгидан келиб, императорга қарши бош кўтарган кўчманчилар ҳақиқатан ҳам араб аскарларининг ёрдами билан тор-мор этилади. Император аскарларни Хитойда ушлаб қолиш мақсадида уларга хитой қизларини никоҳлаб беради. Бугунги дунган мусулмонлари уларнинг авлодларидирлар. Дунганлар ўзларининг келиб чиқиш тарихи ҳақида мана шу ривоятга ишонадилар.
Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, дунганлар, яъни хуэйларнинг шаклланишида асосий қатлам хитой тили ва мусулмон динига асосланган турли туркий, эроний, араб компонентлари иштирокидаги Шимоли-ғарбий Хитойнинг маҳаллий халқлари бўлган. “Дунган” сўзи эса туркча “дўнген”, ўзбекчада “қайтган” маъносини англатади.
ХХ аср бошқирд тарихчиси Аҳмад Заки Валидий XIII-XIV асрларда яшаган Юань хони мўғул Хубилайнинг салтанатида 150 минг мусулмон аскари хизмат қилганига ишора қилган. Юань парчаланганидан сўнг туркий-мўғул миллатига мансуб кўплаб мусулмонлар хитой тили ва маданиятига юз тутганлар, деган тахминлар ҳам йўқ эмас.
“1862-1878 йилларда Хитой шимоли-ғарбий қисмида хуэйлар, аниқроғи дунганлар қўзғолони мағлубиятга учраганидан 2 йил ўтиб Андижонда хуэй кўчманчилари пайдо бўлди. Ўзбекистондаги дунганларнинг асосий қисми, Хитойнинг Шенси провинциясидан келган муҳожирларнинг авлодлари бўлиб, улар 1930 йилда Тошкент вилоятига кўчиб ўтгач, ҳудудда “Лунмин”, “Гунхо” ва “Стахановский шоличилик” номли колхозлари пайдо бўлган.
Ўзбекистон дунганлари 1926 йилда 132 нафар бўлган бўлса, 90-йилларга келиб, уларнинг сони ўн бараварга ошади. Ҳозирги кунда дунганлар асосан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Андижон ва Фарғона водийсининг айрим шаҳарларида яшашади. Ўзбекистондаги хуэйларнинг бугунги сони 2000 нафардан ҳам кўплиги айтилади ва қўшни давлатлардан келин бўлиб келганларини ҳисобга олмаганда, ҳозирда ҳаёт бўлган дунганларнинг барчаси Ўзбекистонда туғилиб ўсишган”, дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Мане Савуров.
Ана энди яна тўйга қайтамиз. Эрталабки тўй келин томонидан берилади. Тўйхонада 300-400 нафар атрофида одам йиғилган. Дастурхонлар салатлардан тортиб овқатларгача ўзбек ва дунган миллий таомлари билан безатилган. Удумга кўра меҳмонлар 20 дан ортиқ таомлар билан сийланиши керак. Лекин исроф масаласи бор. Имкон масаласи бор. Шуларни ҳисобга олиб, бугунга келиб, камчиқим тўй қилиш одати дунганларни ҳам четлаб ўтмаган. Шунда ҳам дастурхон тўла.
Келин ва куёв бир-бирига қариндош бўлишгани боис бугунги тўйда бегоналар йўқ. Ҳар икки томондан келган меҳмон-у мезбонлар куёвнавкарнинг келишини кутишяпти. Куёв келгач, икки ёшга Ислом шартларига мувофиқ никоҳ ўқилади. Келин ҳам тўйхонада. Фақат у хуэйлар маданиятига кўра барчага тескари қараб ўтиради. Айнан шу нуқтада хитой ва мусулмончилик маданиятлари кесишмасини кўриш мумкин. Чунки хитойча келин либосида юз қисми очиқ бўлади ва келиннинг юзини назардан тўсиш учун у ҳатто келиндугоналар даврасида ҳам ҳаммага терс бўлиб ўтиради.
Куёв келишидан олдин унинг аёл “элчилари” келиннинг ёнига келиб, унинг юзини қизил рангли рўмол билан ўрайди - удум шунақа. Ундан сўнг, келиннинг дугоналарига ширинлик ва пул тарқатиб чиқади.
Ташқарида келин томоннинг вакили қўлидаги қизил рўмолчаси билан ишора беришни бошлади. Демак, куёв навкарлар келишмоқда. Бу белги уларга киришга рухсатнома берувчи ҳаракатни ифодалайди.
Ниҳоят, дунган миллий анъаналарига кўра кийинган куёв ҳам кўриниш берди.
Унинг елкасига ташланган қизил ва яшил рангли тасмаларнинг маъносини тўйхонага киргунча тушунтириб оламиз: хитой халқи учун қизил ранг – бахт, садоқат ва иштиёқ тимсоли бўлса, яшил ранг эса Ислом динининг рамзий ранги ҳисобланади. Икки елкасига миллат ва дин масъулиятини ортган куёв яна бир муқаддас масъулият – оила қуриш учун тўйхонага кириб келади.
Энди никоҳ ўқиш маросими бошланади. Имом аввал икки ёш ва даврадагиларга никоҳнинг муқаддаслиги ва Ислом шартларини тушунтириб, маъруза қилади. Ундан кейин икки томоннинг вакилларининг гувоҳлигида никоҳ ўқилади.
Шундан сўнг куёв даврадаги барчага ҳурматни ва оилага садоқатини ифода этиб, дунган одатларига кўра таъзим қилиб чиқади. Бунда келин-куёв, эркак-аёл деб қараб ўтирилмайди. Ҳатто ошхонада овқат тайёрлаганлар ва тўйда хизмат қилганлар ҳам бу эҳтиромдан мосуво қолишмайди. Шу билан келин тарафнинг тўйига якун ясалади.
Куёвнинг хонадони ҳам қизил тусда безатилган. Тўй билан боғлиқ миллий удумлар ўтказилгач, эркак ва аёл меҳмонлар учун алоҳида жой қилиниб, дастурхон безатилади. Тахминан тушки соат 2 гача давом этган тўйдан сўнг келин меҳмонлардан фақат аёлларга дунганча келин салом қилади. Таъзим қилиш навбати энди уники. Шу билан Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яна бир дунган оиласи пайдо бўлди.
Тошкент вилояти ва Тошкентдаги дунганлар Қирғизистон ҳамда Қозоғистондан келган элатдошлари билан ҳам оилавий ва никоҳ алоқаларини сақлаб турадилар. Ҳисоб-китобларга кўра, қўшни давлатларда 50-60 мингдан ортиқ дунганлар истиқомат қилишади. Хитойда эса уларнинг сони 12 миллиондан ошади.
1917 йилгача Ўзбекистон дунганлари орасида саводлилари бўлмаган. 20 йил ичида, яъни 1937 йилга келиб уларнинг 45 фоизи ўқиш ва ёзишни билган. Кейинчалик таълим даражаси янада ошган. Ҳозирда эса Ўзбекистондаги дунган диаспораси шифокорлар, агрономлар, олимлар, ўқитувчилардан иборат. Бундан ташқари, Хитой инвестор ва тадбиркорларининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан таржимонларга бўлган талабнинг қондирилишида ҳам уларнинг улуши катта.
Шу билан пойтахтнинг ёнгинасида барча ўзбекистонликлар қатори яшаётган хитой мусулмонлари – дунганлар маҳалласига қилган сафаримиз ниҳояланди. Дастур аввалида айтганимиздек, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари биргаликда тотувликда яшашмоқда. Ўзбекистон – барчамиз учун бағрикенг ва умумий уйимиздир!
Сардорбек Усмоний
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Қозоғистон ва Ўзбекистон болалар саратони бўйича академик марказ ташкил қилади
Ўзбекистон | 14:03
-
Ҳиндистонда кучли ёмғир 44 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Жаҳон | 13:35
-
2 млндан ортиқ Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадда чет элга сафар қилди
Жамият | 13:27
-
ЕМБ танаффусдан олдин яна асосий ставкаларни пасайтиради
Иқтисодиёт | 13:14
Мавзуга оид

12:02 / 11.03.2025
Бош вазир матбуот котиби Ўзбекистонда «хитойликлар кўпайиб кетаётгани» ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

16:24 / 07.03.2025
“Ваҳимага тушманг” — Кадастр агентлиги ерлар хитойликларга сотилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди

18:59 / 15.02.2025
Тошкентда хитойликлар митинг ўтказгани рад этилди

18:13 / 16.12.2023