Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида хитой тилидаги баннер ва рекламалар кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқаряпти. Охирги кунларда хитойликлар Тошкентда кўплаб ерларни ҳам сотиб олаётгани ҳақида миш-мишлар ҳам урчиди. 6 март куни Кадастр агентлиги бу миш-мишларни асоссиз деб атаб, баёнот эълон қилди.
Агентликка кўра, Ер кодексининг 17-моддасига биноан, чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкин.
“Хўп ижарага берсаг-у хусусийлаштириб олса-чи, унда нима қиламиз?" деб ваҳимага тушманг. Хавотирга ўрин йўқ, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассасалари, корхоналари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди, яъни чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди”, – дейилади расмий баёнотда.
Агентлик жамоатчиликни қишлоқ хўжалиги ерини чет элликлар хусусийлаштириб оладими, деб ўзини қийнамасликка чақирган.
“Қишлоқ хўжалиги ерларини ҳатто Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳам хусусийлаштириб ололмайди.
Шундай экан, ерларимиз чет эл фуқароларига бериб юбориляпти мазмунидаги хабарлар асоссиз ва охиригача ўрганилмасдан чиқарилган хабарлар”, – дейилади баёнотда.
Кадастр агентлиги бундай маълумотларни тарқатадиганлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-моддаси 2-қисми, Жиноят кодексининг 244-моддаси 6-қисми борлигини эслатиб қўйган.















