Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
16 давлатда 56 кун: Ўзбекистондан Европагача машинада борган саёҳатчи оила
Кулдошевлар оиласи Европани саёҳат қилиш учун машинада йўлга чиққан. Оила 56 кунлик саёҳат давомида 23 минг километр масофани босиб ўтди. “Женевада бизни кўрган ўзбеклар шунча йўлдан машинада келдингизми деб ҳайратда қолишди”, – дейди Авазбек Кулдошев. У Кun.uzʼга берган интервюсида саёҳати ҳақида батафсил гапириб берди. Хўш, Европани машинада кезиш қанчага тушди, улар қандай виза олди – видеодан билиб оласиз.
Кулдошевлар оиласи асли Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридан. Оилабоши Авазбек Кулдошев тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Фарзандлари – Иймона, Маҳди ва Довуд.

“Грузиядан Туркиягача: илк оилавий саёҳатни ўтган йили қишда бошлаганмиз”
Оилавий саёҳат қилишни ўтган йили бошлаганмиз. Янги йил таътилида Грузияга чанғи учишга боришни хоҳлагандик. Гудаури шаҳри тоғли жой бўлгани учун, у ерда қор бўлиши керак эди, лекин биз борганда қор бўлмаган. Ўша пайтда Ўзбекистонда жуда қаттиқ совуқ бўлгани учун болаларнинг мактаб таътили чўзилди, шу сабабли орқага қайтишга эмас, саёҳатни давом эттиришга қарор қилдик. Грузиядан Туркияга ўтдик, Кутаиси шаҳрида чиройли ғор бор экан, ўша ғорни кўрдик. Кейин Батумига ўтдик, у ерда ҳам 3 кеча қолиб, Истанбулга кетдик. Ўзбекистондан узоқлашишимиз билан ҳаво исиб кетди, Туркияда январ ойида битта футболкада юрдик. Истанбулда 10 кунча қолиб, кейин Ўзбекистонга қайтдик.
Шундай қилиб, биринчи борганимиз декабрда бўлган, Ўзбекистондан Туркиягача машинада борганмиз. Бу оилавий машина, фақат саёҳат учун олганмиз, шаҳарда бошқа машинада юрамиз.
“Европага 1 йилга виза олиш осон бўлмаган”
Қишки саёҳатни ўтказганимиздан кейин бутун Европани айланиб чиқамиз, Лондонгача етиб оламиз, деб ният қилдик. Бунинг учун биласиз, виза олиш керак, бу жараёнда бироз қийинчилик бўлган. Ҳужжатлар тайёрлашда ёрдам берадиган одам топиш қийин кечган. Бир иккита турфирмаларга мурожаат қилганимда “Европага биринчи марта чиқяпсизлар, сизларга узоқ муддатга виза берилмайди”, дейишганди. Бир дўстим шу соҳада ишлайди, ундан маслаҳат сўрасам, “олсанг бўлади, ҳамма ҳужжатларингни тўғри йиғиб, элчига оилавий кириб тушунтирсанг, виза беради”, деганди. Ҳужжатларни Италия элчихонасига топширганмиз ва оилавий ҳаммамиз кирганмиз. Биз визани бир йилга сўраган эдик. Суҳбатда “нима қиласизлар бир йил Европада?” дейишган. Биз энг камида 2 ой саёҳат қиламиз, қишда Италияга чанғи учгани борамиз, деганмиз. Жавобини айтамиз деб, ҳужжатларимизни олиб қолишган. Шундай қилиб, 2 ҳафтада Европага 1 йиллик визамиз чиқди.
“Қозоғистон чегарасида режаларимиз барбор бўлди”
Июннинг ўрталаридан бошлаб, августнинг ўрталаригача – жами 56 кун саёҳатда бўлганмиз.
Нукусдан Қозоғистонга қараб юрдик, 180 км йўлни 8,5 соатда босиб ўтдик. Оддий ҳолда 180 кмни ўртача тезликда босиб ўтганда 1,5-2 соатда манзилга етасиз. Йўл туман эди, ҳаво ҳарорати -25. Машинадан тушсангиз ҳаво жуда совуқ эди. Йўлнинг ёнидан катта йўл қурилаётгани учун вақтинчалик эски йўлдан юришга тўғри келган. Шу сабабли у йўл жуда эскириб қолганди. Қозоғистон чегарасига етиб борганимизда машина фирмага қараши бўлгани учун, қонунчиликка мувофиқ, уни ўтказиб бўлмаслигини айтишди. Режаларимиз ўша ерда барбод бўлди.
Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдик, кечқурун соат 1 ёки 2 эди. У йўлдан кундузи юрсангиз ҳам бир ёки иккита машина кўрасиз, ухлаб қолган тақдирингизда ҳам бориб уриладиган жой йўқ. Бир дўстим бор эди, ундан “Қозоғистон қонунчилигида ростдан шунақами, билиб бер” деб сўрагандим. У суриштириб, ҳеч қанақа чеклов йўқ, ўтиб кетсангиз бўлади, деди. Шундай қилиб Қозоғистонга ўтдик, у ердан кемада Озарбойжонга кетдик.
“Давлатдан давлатга машинамизни кемада олиб ўтдик”
Кейин Грузияга бордик ва Батумида 2 кун қолдик. У ерда делфинлар билан чўмиламиз, делфинлар шоусини томоша қиламиз деб қизимга ваъда бергандим.
Грециянинг Афина шаҳрида бўлдик, у ердан кемада Италияга ўтдик. Машинани кемага юклаб олиб ўтдик, агар шундай қилмасдан машинада кетсак, шенген визасига кирмайдиган давлатлар ҳам бор эди, биз таваккал қилишни хоҳламадик ва кемага чипта олдик.
Кемада ўзининг ресторанлари ва алоҳида хоналари бор, биз ўзимиз 4 кишилик хонани эгалладик.
Италиянинг энг таниқли жойларини кездик. Позитано шаҳри тоғнинг ўртасида жойлашган, у ерда ҳам 3 кеча қолдик, кеча-кундуз денгизда чўмилдик. У ердан Римга қараб юрдик, Римдан Венецияга бордик. Венециядан кейин Флоренция шаҳрида бўлдик.
“Женевада бизни кўрган ўзбеклар ҳайрон қолган”
Кейинги манзил – Швейцария бўлди. Ўзи бизнинг мақсадимиз бу давлатга кейинроқ бориш эди, аммо Ўзбекистон президентлигига сайловда иштирок этиш учун Женевадаги элчихонамизга бордик. Улар машинамиз ва бизни кўриб, ҳайрон қолишди “сизлар ростдан машинада Ўзбекистондан келяпсизларми?” дейишди. Элчи ҳам ҳайратланиб қолди.
Сайловда қатнашиб, орада Берн шаҳрида бир кун қолдик ва Италияга қайтиб келдик. Европанинг паст тарафидан ўтиб Монто Карлога, ундан Монакога, кейин Франциянинг Ницца шаҳрига бордик. Денгиз жуда ажойиб экан. Испаниянинг Барселона шаҳрига бориб “Барселона” клуби стадионини кўрмоқчи эдик, аммо у ерда реконструкция кетаётган экан, шу сабабли “Реал Мадрид” стадионига бордик.
“Қайси давлатга борсак, машинага стикер ёпиштирамиз”
Энг узоқ юрган масофамиз Испаниядан Франциягача бўлган йўл бўлди – 1200 кмдан зиёд йўлни босиб ўтдик. Автомобилда 16та давлатга саёҳат қилганмиз, қайси давлатда қоладиган бўлсак, ўша давлатнинг байроғи акс этган стикерларни ёпиштириб борганмиз. Стикерларни ҳар битта шаҳарга борганимизда туристик манзиллардан сотиб олганмиз. Жами 23 минг километрни босиб ўтдик.
“Қўқон” деб ёзилган стикерни машинамга ёпиштиришдан мақсад, аввало, ўзим қўқонликман, кейин Европа давлатларида юрганимизда одамлар қизиқсин, Ўзбекистонда Қўқон деган жой борлигини билишсин деган мақсадда машинага ёпиштирганман. Люксембургда юрганимизда бир чол ва кампир келиб, “Ўзбекистонни биламиз, Самарқанд ва Бухорога борганмиз, лекин Қўқон қаерда?” деб сўрашди. Уларни қизиқтиришга харажат қилдим, маълумот бердим. Кейин нега Нидерландияга бормаганимни сўрашди, “биз нидерландияликмиз, сен у ерга борганингда биз ҳам Қўқонга борардик” дейишди.
“Европа йўллари ҳамма бир-бирини ҳурмат қилади”
Йўлда чарчоқ бўлмади, кўпинча машинага бензин қуйишга тўхтаганимизда дам олдик, у ерда ресторанлари ҳам, болалар ўйингоҳлари ҳам бор. Бироз дам олиб, йўлда давом этса бўлади. Одам йўл тор бўлса, машина кўп бўлса чарчайди, огоҳлик қанча ортса, шунча чарчайсиз. Ҳамма битта чизиқда юриб кетади, ҳеч ким бир бирига халақит қилмайди, ҳамма бир-бирини ҳурмат қилади. Европада юрганимда йўлда бирор машина келиб орқадан сигнал ҳам чалгани йўқ, ҳамма сабрли. Атрофидагиларни, ўзини ҳурмат қилиб юради.
“Оилавий саёҳат – меҳр-оқибатни кучайтиради”
Ниятим оилавий саёҳат эди, 3та фарзандим аёлим билан саёҳат қилганмиз, расмларни аёлим олади.
Оилавий саёҳат мен учун фарзандларим билан бир биримизга меҳр-оқибатни кучайтиришини англатди. Болалар ҳам саёҳат давомида бўладиган қийинчиликларга тайёр бўлади, саёҳатда юрганингизда, бегона юртда ҳар хил вазият, ҳар хил ҳолат бўлади – болалар шуларни кўрди. Йўлда шамоллаб қолган ҳолатлар бўлди.
Сарфлаган пулимиз…
Умумий сарфлаган маблағимиз 40 минг евродан ошди, чунки биз 5 кишимиз. Оилавий хоналарнинг нархлари ҳам қиммат бўлади. Ҳар бир қолган давлатимизда шундай хоналар олдик, оилавий хоналар бўлмаган жойларда иккита ёнма-ён хона олдик. Европада меҳмонхона қиммат, биз оддий сайёҳлардан фарқли равишда кўпроқ тўладик. Ишлатган пулимизнинг 30 фоизини ёқилғига сарфладик. Меҳмонхонани онлайн буюртма бериб бордик, чунки аниқ бир жойга аниқ санада бориш режамиз йўқ эди. Қайси шаҳарда қанча қолишимизни ҳам режа қилмаган эдик, шу сабабли 1-1,5 соат олдиндан меҳмонхоналарни онлайн банд қилиб борганмиз.
“Ҳужжатларимизни фақат чегарада текширишди”
Европада Шенген визасини олганингиздан кейин ўртада қўшимча текширувлар йўқ – шаҳардан шаҳарга ўтганда полиция автобанда назорат қилади. Полиция орқадан келиб бошқа давлат рақамидаги машинани кўздан кечириб, ҳеч қандай шубҳа уйғотмаса, индамай кетишади. Шаҳардан шаҳарга ўтганда ҳеч ким ортиқча ҳужжат текширмади.
Европада биздан ҳеч қандай ҳужжат сўрашмади, фақат чегарада виза ва ҳайдовчилик гувоҳномасини кўришди. Автомобилга тегишли ҳужжатлар, ишончнома кабиларни сўрашмади. Машинанинг ҳужжатларини берайми деб сўраганимда “йўқ, у қидирувда бўлса, автоматик чиқиб келарди, ҳеч қандай шубҳа уйғотмаяпти” деб паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасини кўриб ўтказишди.
Болалар билан саёҳатда қийналмадингизми, деган саволни беришди. Болалар зерикса, шўхлик қила бошлайди, саёҳатимиз давомида ҳар куни, ҳар соатда янги жойлар кўришгани учун зерикишмади ва шўхлик ҳам қилишмади.
Машинада саёҳат қилмоқчи бўлганларга айтардимки…
Европа бўйлаб саёҳат қилишдан олдин Ўзбекистонни саёҳат қилиш керак. Оила билан саёҳат қилганингизда фарзандларга аввало Ўзбекистон тарихини кўрсатиш керак.
Агар машинада йўлга чиқсангиз, уни тўлиқ техник кўрикдан ўтказиш лозим, чунки биз Европада юрганимизда тез-тез машинанинг мойини алмаштиришга тўғри келди. Лекин бу жуда муаммо экан. Чунки бу хизматни кўрсатувчи марказлар бир ой олдин навбатга ёзилиш кераклигини айтди. Ҳамма Венеция, Италияга дам олишга борса, биз мойни қаерда алмаштирамиз деб юрганмиз.
Кейинги саёҳатимиз Америкага бўлади, машинада бора оламизми-йўқми бу катта савол бўлиб турибди. Балки, Англиягача машинада борармиз, вақт кўрсатади.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Операторлар – Асрор Алмуродов, Абдуқодир Тўлқинов,
Монтажчи – Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
14:07 / 11.06.2026
Европада АҚШга ишонч тарихий минимумга тушди
10:08 / 11.06.2026
Ёнилғи нархлари ошиши Европада электромобилларга талабни кучайтирди
10:17 / 10.06.2026
Европа роботакси синовларини тезлаштиришга қарор қилди
08:44 / 08.06.2026