22:11 / 25.09.2023
65229

Ортиқчаси ортиқча. O‘ va G‘ ҳарфларини тузатишнинг ўзи кифоя

Алифбода Ch ва Sh ҳарфларини ўзгартиришга объектив зарурат мавжуд эмас. Бу ҳарфларни ўзгартириш тарафдорлари узоқ йиллик қўшалифбо тизими энди учалифбо муаммосига айланиб кетиши хавфига тўғри баҳо бермаяпти.

Фото: t.me/shokirjonov

Тан олиб айтиш керакки, агар O‘ va G‘ ҳарфларида муаммо бўлмаганида, алифбо ислоҳоти кун тартибига кўтарилмас эди.

Тасаввур қилинг, O‘ ва G‘ ҳарфлари бинойидек. Шундай вазиятда: “Ҳарф бирикмалари (Sh, Ch, ng) бўйича ўзгариш қилайлик!” дегувчилар бўлармиди?

Бўлганда ҳам, уларнинг сони ҳозирги алифбо ислоҳоти тарафдорларидан неча баробарга кам бўларди?

Юқоридаги мулоҳазадан қуйидагича хулоса келиб чиқади: бизнинг асосий муаммомиз O‘ ва G‘ ҳарфларидан иборат.

Муаммонинг ўзагини ташкил этувчи нарсага қўшиб, долзарблиги йўқ нарсаларни ҳам “тўғрилаш”га уриниш – ислоҳот муваффақиятига соя солади.

Муаммо ядросидан узоқлашиб “ўтлаб кетмаслик”, реаллик билан ҳисоблашиш керак. Акс ҳолда, асосий муаммомизни ҳал қилганимиз билан, даражаси унга тенг бошқа муаммоларни яратиб қўйишимиз мумкин.

Ислоҳот бу – осонлаштириш дегани

Ислоҳ қилинган алифбода ёзиш ҳозиргисидан осонроқ бўлиши керак: O‘ ва G‘ ҳарфларини тузатиш шунга хизмат қилади.

Ислоҳ қилинган алифбода ўқиш ҳозиргисидан осонроқ бўлиши керак: кўз ўрганган ҳарфларни Ş, Ç (С) ёки ŋ шаклига ўтказиш эса аҳолининг ўзгаришларни қабул қилишини мураккаблаштиради ҳам секинлаштиради.

Sh, Ch, ng товушларини битта ҳарф билан ифодалаш тарафдорларининг асосий аргументлари ва нега улар ўринсиз эканини кўриб чиқайлик.

Ўринсиз аргумент 1: “Ёзиш тезлашади”

Унутмаслик керакки, Sh ва Ch товушларини ифодалаш учун иккита клавишни босишга мажбур бўлаётганлар фақат ўзбеклар эмас, бу “кўргилик” инглиз тилида ёза оладиган 1,5 миллиардга яқин одамнинг ҳам бошига тушган ва улар бунда муаммо кўрмаяпти.

Тўғри, инглизчада Sh ва Ch товушлари ўзбекчага қараганда анча кам учрайди, лекин бу ўринда атиги 2 та товушдан иборат сўзни 5-6 та ҳарф билан ёзаётган халқлар ҳам кўплигини унутмаслик керак. Масалан, французларга ҳозиргидек тараққиётга эришишда бу “қийинчилик” тўсиқ бўла олмаган.

Умуман, матн териш билан фаол ишлайдиган ватандошларимизнинг кўпида, шахсий фикримча, Sh ва Ch ҳарфларига эътироз йўқ.

Ўринсиз аргумент 2: “Бир товушга битта ҳарф принципи керак”

Бу – алифбо тузишдаги базавий принцип бўлгани билан, уни амалда мутлақлаштириб бўлмайди. Битта ҳарф бир нечта товушни ифодалаши (жамият, жирафа; рус тилидаги Я, Ю, Ё, Е ҳарфлари) ёки аксинча, бир нечта ҳарф битта товушни ифодалаши (Sh ва Ch каби ҳарф бирикмалари бошқа халқлар алифболарида ҳам бор) – табиий ва нормал ҳолат.

Ўринсиз аргумент 3: “Ҳарф бирикмаларидан воз кечиш ёзувни ихчамлаштиради”

Бундай ёндашув “лотинми ёки кирилл” деган дискурсда қўл келиши мумкин, лекин ҳозирги муҳокамада эмас. Лотин ёзувида ёзилган ўзбекча матн кириллда ёзилганига қараганда шундоғам сезиларли кам жой эгаллайди. Ҳарф бирикмаларидан воз кечиб уни янаям ихчамлаштиришга ҳечам ҳожат йўқ.

Ўринсиз аргумент 4: “O‘ ва G‘ ўзгарганида, биратўла ҳарф бирикмаларини ҳам ўзгартириб юборайлик”

Бир бўлганда, бошқалариям бўлиб кетсин, дейиш бу аргумент эмас. Муаммо туғдирмаётган ҳарфларни нега ўзгартириш керак? Боз устига, ўзгаришлар кўлами қанчалик кенгаяверса, уларнинг аҳоли томонидан қабул қилиниши шунчалик зиддиятли бўлиб бораверса?

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қолаверса, ҳар куни ўнлаб саҳифа матн устида ишлайдиган одам сифатида айта оламанки, лотин ёзувидаги алифбомизда ёзиш ноқулайлигига 99 фоизлик сабаб – O‘ ва G‘ ҳарфларининг ҳозирги шакли. Шундай экан, нариги учта ҳарф бирикмасини ўзгартиришга объектив зарурат мавжуд эмас.

Бундай позиция нима беради?

Хўш, алифбо ислоҳоти фақат O‘ ва G‘ ҳарфларига тааллуқли бўлиши керак, деган ёндашувнинг ютуқли жиҳатлари нималар?

Аввало, фақат O‘ ва G‘ билан чекланиш илмий доирада алифбо бўйича муросага келишни осонлаштиради. Бунда юқоридаги асосларга кўра ҳарф бирикмаларини ўзгартиришга эҳтиёж йўқлигини тан олиш лозим. Иккита муаммони ҳал қилиб, учта янги муаммони яратиш – ислоҳот эмас.

Аксинча, ҳарф бирикмаларини ҳам ўзгартириш керак деб ҳисоблаш эса ислоҳот тарафдорлари ичидаги бўлинишни кучайтиради: Ch товуши учун C маъқулми ёки Ç? Қолаверса, ng ҳарфини ŋ шаклига ўтказиш қатор янги муаммоларни юзага келтиради.

Иккинчидан, аҳолининг алифбо ўзгаришини қабул қилиши кескин осонлашади. Ch ва Sh дан фарқли равишда, O‘ ва G‘нинг ўзгариши ёзма алифбода ўзгариш ясамайди.

Ўзбекистонликлар қўлда аввал қандай ёзган бўлса, шундай ёзишда давом этиши – муҳим фактор. Компютерда матн тераётиб, хатони осон тўғрилаш мумкин, лекин думли Ş ва Ç ҳарфларини қўлда ёзишга кўникиб кетгунча жуда кўп қоғоз-ҳужжатлар бўялиб кетади, кўпчилик бундан асабийлашади ҳам.

Учинчидан, алифбодаги ўзгаришлар қанча кўп бўлса, ҳозирги қўшалифбо амалиёти ўз ўрнини учалифбо амалиётига бўшатиб бериши хавфи ҳам шунча юқори бўлади. Ҳарф бирикмаларини ўзгартириш тарафдорлари бунга тайёр деб ўйламайман.

Эҳтимолий оқибатларни кўпчилик етарлича тасаввур қила олмаяпти. Бу оқибатлар “имло бўтқаси”ни тошириб юбориши, янги алифбони қабул қилмаслик, кириллга қайтиш тарафдорларининг мавқейи кучайиши ёки бошқача тарзда намоён бўлиши мумкинлиги кўриб чиқилмаяпти. Кейинги тенденцияларнинг тахминий (ижобий ва салбий) сценарийлари ишлаб чиқилмаган.

Тўртинчидан, фақат O‘ ва G‘ ҳарфлари билан кифоялансак, 15-20 йил ёки 50 йилдан кейин авлодлар Sh ва Ch ни қайтариш учун яна алифбони ўзгартиришга интилиши эҳтимолининг олдини олган бўламиз.

Бу эҳтимолга жиддий қарашга асос – инглиз тили. Бу – дунё тили, илм-фан ва технологиялар тили. Илдам технологик тараққиёт эшелонига қўшилишда ўзимизга ўзимиз сунъий тўсиқлар қўймаганимиз маъқул.

Бугун Ўзбекистон болаларига инглиз тили боғчаданоқ бошлаб ўргатиляпти ва улар учун Sh, Ch товушларининг ўзбек ва инглиз тилларида бир хиллиги жуда қулай. Келгусида лотинда саводи чиққан, инглиз тилини пухта ўрганган, инглизча фикрлайдиган ёш интеллигенция уларга шу қулай бўлгани учун Ş, Ç (С), ŋ ҳарфларини беихтиёр рад қилишга маҳкум бўлмаслиги керак.

Шу ўринда қўшимча қилишни истардимки, алифбонинг вазифаси – тилдаги ўзига хос хусусиятларни келажак авлодларга безавол етказиш эмас. Сингармонизм, бир унлининг турлича шакллари ва ҳоказоларни алифбога жо қилиш орқали уни мураккаблаштириш хато. Тил – биринчи навбатда ахборот етказиш воситаси. У тўхтовсиз ривожланади, ўзгаради, қайсидир товушлар йўқ бўлиб кетади. Глобаллашган дунёда алифбо тилнинг ривожини секинлаштирадиган омил бўлмаслиги, фойдаланувчиларга максимал қулай ва мослашувчан платформа вазифасини бажариши лозим.

Бешинчидан, ҳарф бирикмаларини ўзгаришсиз қолдириш орқали, паспортларимизнинг ўзбекча ва инглизча саҳифалари орасидаги фарқланиш кўпайишининг олдини оламиз. Ҳозир бу фарқ асосан X, O‘ ва G‘ ҳарфлари қатнашган исмларда кўзга ташланади. Улар қаторига Sh, Ch ва ng ҳам қўшилса, нақ олтита ҳарф қатнашган исмларнинг ўзбекча ва инглизча ёзилишида фарқ юзага келади. Бу исм эгаларининг кўпи янги шаклни мамнуният билан қарши олмаслиги аниқ.

Яна бир жиҳат. Ҳозир Sh ва Ch ни бемалол домен номларида ишлата оламиз: toshkent.uz; charxpalak.uz, tong.uz ва ҳоказо. Агар Ş ва Ç шаклларини қабул қилсак, улар рақамли оламда тенгсизликка дучор бўлган бахтиқаро O‘ ва G‘ ҳарфларимиз қаторига кириб қолади.

Шунингдек, ҳарф бирикмалари қатнашган минглаб сўзларимиз брендга айланиш имкониятидан маҳрум бўлади. Ҳозир янги бренд яратишда, танланган сўзда O‘ ва G‘ товушлари бўлмаслигига катта аҳамият берилади. Эътиборга олиш керакки, бу бешта ҳарф қатнашган сўзлар луғат бойлигимизнинг сезиларли қисмини ташкил қилади.

Олтинчидан, ҳарф бирикмаларини ўзгартирмасдан, фақат O‘ ва G‘ни тузатиш орқали компютер клавиатурасини ҳавас қилгулик даражада қулай ҳолатга келтириш мумкин. O‘ ва G‘ни клавиатурада P ҳарфидан кейин турувчи бурчакли қавс – [ ва ] тугмалари ўрнига жойлаштириш, алифбо таркибида бўлмаса ҳам W ва C ҳарфларини ўз жойида сақлаб қолиш керак.

Ўзбек алифбосида йўқ W ва C нега ўзбекча клавиатурада бўлиши керак? Қулайлик учун. Автомобил рақамлари, паспорт серияси кабиларни ёзишда клавиатура йўриғини ўзбекчадан инглизчага ўтказиб ўтиришга зарурат бўлмайди.

Бундан ташқари, ҳозир “Cobalt”, “Coca Cola”, “acer”, “Microsoft Windows”, “Twitter” каби ажнабий сўзларнинг ўзбекча матнларда учраши геометрик прогрессия даражасида ўсиб боряпти. Ҳар сафар ажнабий сўзга рўпара келганда, уни ёзиш учун клавиатура йўриғини ўзгартириб ўтириш – ортиқча иш.

Энг қизиғи, таклиф этилаётган бу вариантда телефон ва компютерларга ўзбекча алифбони ўрнатиб, инглизча алифбони ўчириб ташласак ҳам бўлади, чунки такомиллашган ўзбекча алифбо билан ҳар икки тилда ҳам бемалол матн териш мумкин бўлади. Тўлиқ лотинга ўтган пайтимизда русча клавиатура фақат рус тилида ёзиш учунгина керак бўлади.

Факт шуки, она тили ва инглиз тили учун битта клавиатура йўриғининг етарли бўлиши – ҳамма халқларга ҳам насиб қилавермайдиган қулайлик.

Бундай қулайликдан воз кечиш – тарихий хато бўларди.

Комрон Чегабоев,
журналист

Top