16:14 / 28.09.2023
22158

Рамзан Қодиров Кремлда Путин билан учрашди

Фото: Кремл расмий сайти

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Кремл расмий сайти хабар бермоқда.

«Хайрли кун, Рамзан Ахматович. Сиз билан бугун Чеченистондаги иқтисодий ва ижтимоий вазият ҳақида гаплашишга келишиб олгандик. Умуман олганда, вазият ижобий. Бунда сиз ва жамоангизнинг ҳиссаси катта. Бизда сиз доим айтадиган мавзулардаги қатор жиддий дастур ва вазифалар бор. Биламан, учрашувда саволлар тайёрлаб келгансиз. Марҳамат», деб Путиннинг сўзларини келтирган Кремл расмий сайти.

«Владимир Владимирович, учрашишга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Республикадаги вазият ҳақида гапиришдан аввал махсус ҳарбий амалиёт бошланганидан ҳозиргача нималар қилганимиз ҳақида гапирсам. Гуманитар ва жанг майдонидаги ҳаракатларимиз билан бироз мақтанмоқчиман ҳам.

Отрядимиз яхши натижалар кўрсатмоқда, ҳар куни асир олиняпти, техникалар йўқ қилиняпти. «Абрамс»лар биз учун қўрқинчли эмас. Биз уларга «реклама» қилиб бердик десам ҳам бўлади.

Жангчиларнинг кайфияти яхши. Уларнинг барча муаммоларини ҳал қиляпмиз: алоқа, техника билан боғлиқ. Операция бошидан буён 1100 дан ортиқ машина сотиб олдик, уларнинг 100 дан ортиғи зирҳли машиналар. Республикадан туриб бошқаларга ҳам ёрдам беряпмиз, ахир бу умумий ишимиз, биргаликда ғалаба қозонишимиз керак», деган Қодиров Путин билан учрашувда.

Кремл эълон қилган хабарда у яна тўлдирилиши айтилган.

Маълумот учун, Рамзан Қодиров саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар фонида Путин билан биринчи марта кўришди. Шунингдек, 25 сентябр куни Қодиров ўз каналида ўғли Адам Қодиров Қуръони карим нусхасини ёққани учун ҳибсга олинган Никита Журавлевни тергов ҳибсхонасида калтаклагани акс этган видео эълон қилгач, унинг атрофида навбатдаги можаро авж олганди.

Top