Ўзбекистон | 08:57 / 06.10.2023
12920
3 дақиқада ўқилади

Агробанкнинг “Сувчилар мактаби” лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда

29 сентябрь куни Агробанк томонидан ташкил этилган пресс-турда янги “Сувчилар мактаби” лойиҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Йил якунига қадар республиканинг 13 та ҳудудида ушбу мактаб ўқув бинолари ва илғор сув тежовчи технологиялар қўлланилган тажриба майдонлари ташкил этилади.

Фото: Kun.uz

Хабарингиз бор, давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Сувчилар мактаби” лойиҳасига жорий йилнинг 29 май куни Агробанк, Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида старт берилганди.

Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилди ва бугунги кунда ҳам амалга оширилмоқда.

Мактабни ташкил этишдан асосий мақсад - сувдан фойдаланувчилар (хусусан деҳқон ва фермерларни) сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш ва шу орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, инновацион технологияларни қўллаш бўйича билим ва кўникмалар бериш ҳисобланади.

Лойиҳани амалга оширишда, жумладан, мактаб концепциясини ишлаб чиқишда Туркия, Испания, Хитой давлатлари тажрибалари ўрганилди, шунингдек, фермерлар ўртасида сўровнома ўтказилди. Ишлаб чиқилган махсус “handbook”да соҳадаги асосий назарий билимлар, шунингдек хориж тажрибаси ёритиб берилди ва амалий дарслар билан уйғунлаштирилди.

“Сувчилар мактаби”нинг 1-босқичига ҳозирга қадар 154 та туманда жами 60 330 нафар фермер ва сувчи жалб қилиниб малакалари оширилди. Лойиҳага жами 50 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари жалб қилинди, улар орасида хорижлик мутахассислар ҳам фаолият юритмоқда.

2024-2030 йилларда 2-босқичда 60 мингга яқин (ҳар йили 8500 нафар) фермер хўжаликларини сертификатлаш бўйича 1 ҳафталик ўқув курслари ташкил этилади. Жорий йил якунига қадар Республиканинг 13 та ҳудудида “Сувчилар мактаби” ўқув бинолари ҳамда хусусий шериклар билан ҳамкорликда илғор сув тежовчи технологиялар қўлланилган тажриба майдонлари ташкил этилади. 

Ўқув дастурларни хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, шунингдек, ўқув дастурларини хорижий давлатлар тажрибалар асосида ишлаб чиқиш, сув тежовчи технологияларни қўллаш бўйича видео дарсликлар тайёрланиб, платформа орқали онлайн курслар йўлга қўйиш режалаштирилган.

Банк томонидан сув тежовчи технологиялар жорий қилиш бўйича ажратиладиган молиялаштириш 2024 йилдан бошлаб махсус платформа орқали онлайн масофадан амалга оширилиши режалаштирилган.

Жалб қилинган профессор-ўқитувчиларни хорижий мамлакатларда малакалари ошириб борилади.

 

Мавзуга оид