Ўзбекистон | 20:01 / 29.08.2025
3071
5 дақиқада ўқилади

Шўрланган ерларда томчилатиб суғориш усули қўлланиши мумкин

Тошкентда сув хўжалиги соҳасида 180 га яқин илмий ишланмалар ва ихтиролар кўргазмаси намойиш этилди. Уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, молиялаштириш бўйича шартномалар имзоланди. Сув хужалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Агробанк” ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда сувни тежаш ва янги сув манбаларини яратиш имкониятлари кўриб чиқилган.

28 август куни Тошкентда сув хўжалигига оид илмий ишланмалар ва ихтироларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Профессор Муҳаммадхон Ҳамидовнинг сўзларига кўра, шу пайтгача экинларни томчилатиб суғориш тартиблари ишлаб чиқилмаган эди. Бироқ ҳозирга келиб бу бўйича тавсиялар тайёрланган.

“Кейин суғориш технологиялари самарадорлигини оширишда уларнинг суғориш техникаси элементлари бўйича илмий тавсиялар бўлиши керак. Ҳозир маълум жойларда бор, томчилатиб суғориш технологиялари самарадорлиги пасайиб кетган. Томчилаткичларнинг сув сарфи қанча бўлиши керак, орасидаги масофа қанча бўлиши керак, суғориш қувурлари орасидаги масофа қанча бўлиши керак, мана шуларни тупроққа ва экин турига қараб илмий асосланган тавсияларимиз бор. Уларни қўлласа бўлади”, - дейди Ҳамидов.

Профессорнинг айтишича, шўрланган ерларда томчилатиб суғориш усулини қўллаш тавсия қилинмайди. Лекин Микробиология институти билан биргаликдаги бунинг йўли топилган.

“Биопрепаратлардан фойдаланиб, томчилатиб суғоришнинг шу шўрланган ерларда ҳам самарадор бўлишини тасдиқловчи технологияни яратганмиз”, - дейди у.

Шунингдек, Муҳаммадхон Ҳамидов сув танқис бўлган ёки механик сув кўтариб суғориладиган жойларда коллектор зовур сувларини биологик усулда минерализациясини пасайтириб, уни суғорма деҳқончиликда қўллаш технологияси тақдимот қилинганини айтди.

“Бу технология бир томондан сувни тежашга янги сув манбаларини яратиб беради. Иккинчи томондан сувўтлари хомашё сифатида биогаз ишлаб чиқариб, кейинги жараёнда электр энергия ишлаб чиқариш имконларини яратади”, - дейди профессор.

Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори Абдувоҳид Ўразкелдиевнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, Қашқадарёдаги каналларни бетонлаштириш ўрнига базалтдан фойдаланилиши мумкин.

“Бу бетон ўрнига алтернатив бўлган базалт, яъни геомембрана ва базалтдан қилинган тўр сеткаларни қўйган ҳолда, у ерда тадқиқот ишларини олиб боряпмиз. Бундан ташқари, олимларимиз томонидан мана бу сув омборларини лойқадан тозалаш ёки ундан чиққан материалларни ишлатиш масалалари бўйича ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб бориляпти”, - дейди Ўразкелдиев.

Унинг сўзларига кўра, олимлар ишланмалари учун рағбатлантириб борилади.

“Бизнинг олимларимиз томонидан фермер, кластерлар билан шартномалар тузилади ва мана шу шартнома асосида олимларимиз кластер, фермер хўжаликларидаги дала майдонларига бориб, бевосита ўзларининг илмий хулосаларини бериб боради. Яъни бояги томизгичларимиз қандай бўлиши керак, тупроқ-иқлим шароитини инобатга олган ҳолда, ўзларининг тавсиясини бериб боради ва мана шу тариқасида шартнома асосида институтимиз жамғарма фондига маблағ тушириб берадилар”, - дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори Абдувоҳид Ўразкелдиев.

Унинг таъкидлашича, имзоланган меморандумлар ва битимлар доирасида Хоразм, Тошкент ва Жиззах вилоятларида ишлар бошланади. Хусусан, Бухорода қишлоқ хўжалиги экинларини ювмасдан етиштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Тадбирда “Агробанк”нинг Сувчилар мактаби жамоаси ҳам иштирок этди.

“Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқилган автоматик, масофавий бошқариш, сувни очиб-ёпиш, сув ҳисобини юритиш бўйича янги лойиҳа бор экан. Ўша лойиҳа билан гаплашдик, уни Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги тажриба майдонимизда синаб кўришни режалаштирдик. Бундан ташқари мана “Kavsar Irrigation” компанияси томонидан ташкил қилинган мобил қуёш панеллари билан жиҳозланган насос станцияси ҳам қизиқтирди. Бунда асосан дискрет суғоришга мўлжалланган экан. Бу мобил, яъни мавсум давомида суғориб, ихчам йиғиштириб олган ҳолда фермер ўз даласига олиб қўйиши, зарур ҳолларда томорқасида суғориш ишларини ташкил қилиш имконияти ҳам мавжудлиги бизни қизиқтирди”, - дейди Сувчилар мактаби директори Фарҳод Саидов.

Очиқ мулоқот якунида илмий ва олий таълим муассасалари билан тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик, ишланмаларни харид қилиш, молиялаштириш бўйича шартномалар имзоланди. Маълумот ўрнида, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти шу йилда умумий ҳажми 7,3 млрд сўмлик 82 та илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Мавзуга оид