Ўзбекистон | 07:25 / 06.10.2023
10778
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Москвага борди

6 октябр куни Ўзбекистон ва Россия етакчилари тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказади. 

Расмий ташриф билан Россияда бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозондан Москвага борди.

Россия пойтахтининг “Внуково-2” аэропортида давлат раҳбарини Россия ҳукумати раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Россия давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Ташриф дастурига мувофиқ, 6 октябр куни икки мамлакат етакчилари тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказади. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий, маданий-ҳуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳар томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Ўзбекистон президенти Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан ҳам музокара ўтказади.

Мавзуга оид