18:58 / 07.10.2023
27777

Жазоланган банк, РФдан газ импорти, ток учун табақавий тарифлар — “Иқтисодий таймлайн”

Шубҳали тарзда хусусийлаштирилган банк хусусийлаштириш шартларидан бирини бажармади. Ўзбекистон илк марта миллий валютада “яшил” евробонд чиқарди. Россиядан газ импортига расман старт берилди. Уйида ҳаддан ортиқ кўп электр токи ишлатганлар юқорироқ тарифда тўлай бошлайди. Якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликлари – “Иқтисодий таймлайн”да.

Ўзбекистон Россиядан газ импортини бошлаяпти

7 октябр куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия президентлари шу муносабат билан Москвада ташкил этилган тадбирда янги йўналишдаги газ оқимига тантанали равишда старт берди.

Газ узатиш Ўрта Осиё – Марказ магистрал қувурлари тармоғи орқали тескари тартибда йўлга қўйилмоқда. Бу тармоқ орқали келадиган Россия газининг бир қисми Қозоғистоннинг Шимолий ҳудудларига, асосий қисми эса Ўзбекистонга йўналтирилади.

“UzGasTradе” ва “Газпром экспорт” ўртасидаги тижорий шартнома 2 йил муддатга тузилган бўлиб, унинг доирасида кунига 9 млн кубметр, йилига қарийб 2 миллиард 800 миллион кубметр табиий газ харид қилиниши келишилган. Россия президенти Владимир Путин бу миқдор оширилиши мумкинлигини айтди.

Кўп ток ишлатадиган кўп тўлайди

1 ноябрдан бошлаб, хонадонларнинг ойлик энергия истеъмоли 1000 киловатт соатдан ошган тақдирда, бу миқдордан ортиқ ҳажмдаги энергия учун 2 баробардан 4 баробаргача оширилган тарифларда ҳисоб-китоб қилинади. Бу тартиб республикадаги 7,6 миллион хонадоннинг қарийб 150 мингтасига – аксар ҳолатларда ўзига тўқ ёки бадавлат аҳоли қатламига таъсир қилади, шу орқали мазкур тоифанинг давлат бюджетидан арзон энергия учун истаганча миқдорда субсидия олиш имконияти йўқолади.

Маълум бўлишича, бу тартиб 2023 йил 15 июлдаги ҳукумат қарори билан жорий этилган. Унга кўра, 2023 йил 1 ноябрдан эътиборан, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган хонадонларга:

  • 1001 киловатт соатдан 5000 киловатт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;
  • 5001 киловатт соатдан 10 000 киловатт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;
  • 10 000 киловатт соатдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси базавий тарифи 1 kWh учун 295 сўмни ташкил этади.

Энергетика вазирлиги баёнотига кўра, мазкур ўсувчан коэффициент аҳоли истеъмолчиларининг 98 фоизига таъсир қилмайди. Чунки мамлакатдаги 7 миллион 589 мингдан зиёд абонентнинг фақат 146 мингдан ортиғи 1000 kWhдан кўп электр энергияси ёқади. Уларнинг 10 минг нафаригина ойига 5 минг kWhдан ошиқ, 4 мингдан ортиқ хонадон эса ойига 10 минг kWhдан зиёд электр энергияси истеъмол қилади. Янги тартиб билан бадавлат қатламнинг харажатларини давлат томонидан субсидиялаш кескин қисқаради.

Энергетика бозори регулятори ташкил этилмоқда

28 сентябр кунги фармонга асосан, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги фаолияти йўлга қўйилади. Агентлик фақат электр энергияси бозори бўйича ваколатли органга айланади, яъни унинг фаолияти табиий газ соҳасига тааллуқли бўлмайди. Регулятор фаолияти давомида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлиши белгиланди.

Энергорегулятор зиммасига электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозорларини босқичма-босқич ташкил этиш, электр энергияси бозорида рақобатни қўллаб-қувватлаш, бозор иштирокчилари учун тенг ҳуқуқлилик ва шаффофликни таъминловчи қонун-қоидаларга риоя этилиши учун давлат назоратини ўрнатиш, бозор иштирокчиларини лицензиялаш ва бошқа вазифалар юклатилди.

2026 йилдан бошлаб электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун тегишли тарифларни Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги белгилайди.

Шунингдек, фармон билан, “Ўзэнергосотиш” АЖ ташкил этиляпти. 2024 йил 1 июндан бошлаб, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергиясини марказлашган тартибда сотиб олиш ва сотиш функцияси “Ўзэнергосотиш” компаниясига ўтказилади.

Сентябрда инфляция 1,24 фоизни ташкил этди

Ўзбекистон Статистика агентлиги 2023 йилнинг сентябр ойида 1,24 фоизлик инфляцияни қайд этди. Бу сўнгги уч йил ичида ушбу ойдаги энг юқори кўрсаткич ва 2023 йил бошидан буён энг катта ўсишдир.

Расмийларга кўра, ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,8 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоизга, хизматлар 0,6 фоизга қимматлашган.

Сентябрда ўтган ойдаги каби республиканинг барча ҳудудларида бензин нархлари ошган. Бу ёқилғи турида инфляция мамлакат бўйича ўртача 2,3 фоизни ташкил этган.

Ўтган ойга нисбатан буғдой уни нархи 15,7 фоизга кўтарилган, аммо бу маҳсулотнинг йиллик инфляцияси унчалик юқори бўлмаган – 4,1 фоиз.

Статистика органининг қайд этишича, сўнгги 12 ойлик даврдаги инфляция 9,19 фоизга тезлашган. Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 11 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,6 фоизга, хизматлар 8,2 фоизга қимматлашган.

Марказий банк AVO bank'ни жазолади

Марказий банк собиқ Ўзагроэкспортбанк, ҳозирги AVO bank’ка устав капиталига оид талабни бажармагани учун кредитлаш ва бошқа харажатларни молиялаштириш ҳамда депозит операцияларини амалга оширишни тақиқлади.

2023 йил 1 сентябрдан эътиборан банк устав капиталининг энг кам миқдори 200 млрд сўм бўлиши кераклиги белгиланган. Лекин AVO bank устав капитали 105 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган миқдорга етмаган. Эслатиб ўтамиз, бу банк шу йил бошида хусусийлаштирилган, бу жараён шаффоф тарзда рўй берганига доир қатор саволлар очиқ қолган эди.

Айни пайтда AVO bank банкларнинг устав капитали бўйича янги талабни бажармаган ягона банк экани аниқ эмас. Норасмий манбалар бундай банклар сони 5 та эканини айтмоқда. Марказий банк бунга аниқлик киритиши мумкин бўлган, тижорат банклари фаолиятининг асосий кўрсаткичларига доир доимий ҳисоботини ноодатий тарзда август ойи учун тақдим этмади.

Ўзбекистон “яшил” суверен халқаро облигацияларни чиқарди

Ўзбекистон илк бор 4,25 трлн сўм миқдоридаги “яшил” суверен халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, сўмда чиқарилган суверен халқаро облигациялар МДҲ давлатлари ичида илк “яшил” суверен облигациялар ҳисобланади.

“Яшил” облигациялар бўйича келиб тушадиган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, темирйўл ва метро транспортини ривожлантириш, санитар тозалаш ишларини ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш, шамол эрозиясига ва сув хўжалиги объектларининг қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш каби “яшил” лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Миллий валютадаги “яшил” облигацияларга бўлган талабнинг юқорилиги 3 йиллик сўмдаги облигацияларнинг фоиз ставкаларини кутилган 18 фоиздан 16,25 фоизга туширишга муваффақ бўлинган.

Бундан ташқари, ҳукумат 660 млн доллар миқдоридаги 5 йиллик халқаро облигацияларнинг навбатдаги траншини ҳам Лондон биржасига жойлаштирди. Бу евробонд бўйича ставка 8,125 фоизни ташкил этган.

Суверен облигация чиқариш – давлатнинг халқаро инвесторлардан қарз олиши демакдир. Облигацияни сотиб олган инвесторларга йиллик фоиз тўлови тўлаб борилади, асосий қарз эса белгиланган муддат охирида қайтарилади.

Жаҳон банки Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнозини яхшилади

Муассаса экспертлари Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишини жорий йилда тахминан 5,5 фоиз, келаси йилда эса 5,6 фоиз бўлишини прогноз қилмоқда.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий ҳимоя дастурлари кенгайганига қарамай, пул ўтказмалари ва шахсий истеъмол ўсишининг секинлашиши камбағалликни камайтиришда кутилаётган ютуқларни чеклаши мумкин. 2023 йилда камбағаллик даражаси бирозгина пасайиб, 13,9 фоизга тушиши кутиляпти.

Халқаро иқтисодчилар жаҳонда олтин, табиий газ ва мис нархларининг юқорилиги, шунингдек, таркибий ўзгаришлар натижасида иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқаришнинг кўпайишини Ўзбекистон иқтисодиёти учун потенциал ижобий тенденциялар сифатида қайд этган.

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтажчи – Асрор Алмуродов.

Top