09:15 / 10.10.2023
2973

ННТ лойиҳалари учун ташқи манбалардан маблағ олиш тартиби белгиланди

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ҳамда ташқи манбалардан молиялаштириладиган лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга ошириш тартиби тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ижтимоий фойдали дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилишида ижтимоий шериклик ҳамда халқаро ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳар бир республика ижро этувчи ҳокимият органи:

2023 йил 15 октябрга қадар ҳамда 2024 йилдан бошлаб ҳар йили 1 январга қадар ННТлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланган раҳбар ўринбосари тўғрисидаги маълумотларни (Ф.И.Ш., лавозими, телефон рақами, электрон почта манзили) Адлия вазирлигига тақдим этиб бориши;
йил давомида эришилиши зарур бўлган мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар)нинг ишлаб чиқилишида ННТлари билан ҳамкорлик қилиш самарадорлиги кўрсаткичларини назарда тутиши шарт.

Адлия вазирлигига 2024 йил 1 январга қадар порталда ННТлари ва кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган қуйидаги маълумотларни жойлаштириш имкониятини яратиш топширилди:

республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ННТлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул этиб белгиланган раҳбар ўринбосарлари ҳақида маълумотлар;
ННТнинг ташқи манбалардан молиялаштирилган лойиҳаларини амалга ошириш натижаси тўғрисида маълумотлар;
ННТлари учун эълон қилинган халқаро грант танловлари ҳақида маълумотлар;
Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар ва уларнинг ихтисослаштирилган муассасалари рўйхати.

Ҳужжат билан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ҳамда ташқи манбалардан молиялаштириладиган лойиҳаларни Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом қуйидагиларни назарда тутилади:

ташқи манбалардан пул маблағлари ва мол-мулк олиш тартиб-таомили;
рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан аризани кўриб чиқиш тартиби;
ташқи манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни Ўзбекистон ҳудудида амалга ошириш тартиби.

Top