Жамият | 18:31 / 16.10.2023
13123
2 дақиқада ўқилади

Ихтисослашган мактаблар ўқувчилари ўртасида «Заковат» турнири ғолиблари аниқланди

Кучли учликка кирган жамоа ўқувчилари ОТМга имтиҳонсиз тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, улар бир ўқув йили давомида «Заковат» стипендиясини олади.

Фото: Заковат

Тошкент шаҳридаги «Заковат арена»да 15 октябр куни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар ўқувчилари ўртасидаги «Заковат» турнирининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақа икки босқичда ўтказилди. Мусобақанинг сентябрда ўтказилган ҳудудий босқичида республикадаги 14 та ҳудуддан жами 203 та мактабнинг 1 421 нафар ўқувчиси қатнашди. 

Ҳар бир ҳудуддан учтадан энг кучли жамоалар республика босқичи учун саралаб олинди. Республика босқичида ғолиблик учун таълим муассасаларининг 42 та жамоаси (294 нафар ўқувчи) курашди. 

1-ўрин Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби жамоасига насиб этди. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби жамоаси 2-ўринни банд этди. Кучли учликни эса Денов туманидаги 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси эгаллади.

Совриндор жамоаларнинг ҳар бир аъзоси ҳамда мураббийига ноутбук совға қилинди. Кучли учликдаги жамоа аъзолари эндиликда ОТМга базавий тўлов контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.

Бундан ташқари, уларнинг ҳар бирига бир ўқув йили давомида ҳар ой «Заковат» стипендияси тўлаб борилади:

1-ўрин: БҲМнинг 5 баравари (1 млн 650 минг сўм);

2-ўрин: БҲМнинг 4 баравари (1 млн 320 минг сўм);

3-ўрин: БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм).

 

Мавзуга оид