Брюсселда қуролланган шахс Швеция фуқароларини отиб ўлдирди
Белгия пойтахтида қуролланган шахс Швециянинг икки фуқаросини отиб ўлдирди. Брюсселда террорчилик таҳдидининг энг юқори даражаси жорий қилинди.
17 октябр, сешанбага ўтар кечаси номаълум шахс ўт очиши оқибатида икки киши ҳалок бўлганидан кейин Брюсселда террорчилик таҳдиди бўйича энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди. Ҳужум қурбонлари Швеция фуқаролари, деб тасдиқлади Бельгия бош вазири Александр Де Кроо X микроблоглар хизмати (собиқ Twitter) орқали.
Белгия федерал прокуратураси вакили Эрик Ван Дуйснинг таъкидлашича, ҳужумни амалга оширган шахс ИШИД террорчилик гуруҳидан илҳомланган. Ван Дуйс, шунингдек, шаҳар аҳолисини «таҳдид бартараф этилмагунча» уйда қолишга чақирди. Жиноятчи қочишга муваффақ бўлган ва ҳозир қидирилмоқда.
Кейинроқ Belga агентлиги бошқа тафсилотларни айтмаган ҳолда ҳужумчи шахси аниқлангани ҳақида хабар берди. Расмийлар Швеция фуқаролари қурбон бўлган отишманинг «потенциал террорчилик мотивини» текширмоқда.
Фожиали воқеалар туфайли футбол учрашуви тўхтатилди
Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 19:00 дан кейин Брюссел шимолида, Белгия ва Швеция миллий жамоалари учрашиши керак бўлган қирол Бодуэн номидаги стадионда футбол бўйича Европа чемпионати саралаш ўйини бошланиши арафасида кузатилди. Натижада, террорчилик ҳужуми содир этилгани маълум бўлганидан кейин ҳамда иккала жамоа ва маҳаллий полиция органлари билан маслаҳатлашилганидан сўнг, ўйин 1:1 ҳисобида тўхтатилди, деб хабар берди УЕФА.
Шу билан бирга, мухлислар, шунингдек, футбол жамоалари ўйинчилари ва техник ходимлар хавфсизлик нуқтаи назаридан стадионда қолишга мажбур бўлди, дея хабар беради dpa. Ўйин ўтказилган ер ҳужум жойидан беш километр узоқликда жойлашган.
Швеция ҳукумати Белгиядаги мамлакат фуқароларини ҳушёрликка чақирмоқда
Белгия бош вазири Александр Де Кроо Брюсселдаги ҳужум қурбонларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, у Белгия ва Швеция «терроризмга қарши биргаликда курашаётганини» таъкидлади.
Швеция ҳукумати Белгиядаги шведлардан ҳушёр бўлишни ва Белгия расмийларининг кўрсатмаларига амал қилишни сўрайди, деди Швеция бош вазири Улф Кристерссон.
Францияда эркак пичоқ билан мактабга ҳужум қилди
Аввалроқ, 13 октябр куни Франция шимолидаги Аррас шаҳрида пичоқли ҳужум оқибатида ўқитувчи ҳалок бўлган, яна бир ўқитувчи ва қўриқчи яраланган эди. Ўқувчилар жабрланмаган.
Мавзуга оид
20:29 / 15.11.2024
Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президентига ишонч ёрлиқларини топширди
22:40 / 05.11.2024
Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
21:59 / 02.11.2024
Швецияда ноқонуний мигрантларга қарши кураш кучайтирилади
08:00 / 16.10.2024