Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўйлаш учун танаффус: Исроил нега ҳалигача Ғазога кирмади?
Исроил бир неча кундан буён ҲАМАСни ҳарбий куч сифатида бутунлай йўқ қилиш учун йирик миқдордаги кучлари Ғазо секторига кириш учун тайёр турганини айтиб келмоқда.
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) сафларига захирадаги 300 мингдан ортиқ ҳарбий чақирилган. Далаларда, фермаларда ва Ғазо сектори билан чегара ҳудудидаги кибуцларда «Меркава» танклари, ўзиюрар артиллерия қурилмалари ҳамда минглаб яхши қуролланган пиёдалар тўлиқ жанговар жиҳозлари билан шай ҳолатда тўпланган.
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий-денгиз кучлари бор имкониятларни ишга солган ҳолда ҲАМАС ва «Фаластин ислом жиҳоди» гуруҳларининг Ғазо секторидаги бошпаналари ҳамда ўқ-дори омборларига зарбалар йўлламоқда. Бу зарбалар оқибатида кўп миқдорда тинч аҳоли вакиллари билан биргаликда ҲАМАСнинг кўплаб қўмондонлари ҳам ҳалок бўлмоқда ёки яраланмоқда. Хусусан, сўнгги кунлардаги зарбалар оқибатида Ғазо секторидаги миллий хавфсизлик хизмати кучлари қўмондони, генерал-майор Жиҳод Муҳайсин, ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бошлиғи Муҳаммад Дейфнинг яқин одами, Ғазо сектори марказий қисмидаги ҳарбий амалиётлар учун масъул бўлган қўмондон Айман Нофал ҳамда ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси, ҳаракат раҳбариятидаги ягона аёл Жамила ал-Шанти ўлдирилган.
Сешанба оқшомида Ғазодаги Ал-Аҳли шифохонасида рўй берган портлаш оқибатида ҳам кўплаб одамлар ҳалок бўлиши минтақадаги вазиятни янада кескинлаштирди, бунда томонлар бир-бирини айбламоқда.
Исроил нима учун ҳамон қуруқлик орқали босқинни бошламади? BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича корреспонденти Фрэнк Гарднер шу ҳақда фикр юритди.
Байден омили
АҚШ президенти Жо Байденнинг шу ҳафта шошилинч тарзда тайёрланган Исроилга ташрифи Оқ уй вазият ёмонлашаётганидан нақадар хавотирда эканини кўрсатиб берди. Вашингтон икки жиддий муаммо ҳақида қайғурмоқда: гуманитар инқироз кучайиши ҳамда можаро Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларига тарқалиши хавфи.
АҚШ президенти Исроил Ғазони қайтадан оккупация қилишига (исроиллик ҳарбийлар бу ердан 2005 йилда олиб чиқилганди) қарши эканини аллақачон очиқ айтган. Байден бу «катта хато» бўлишини таъкидлаган.
Расмий равишда Байден АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчисига стратегик ёрдам кўрсатиш ҳамда Исроилнинг Ғазо бўйича режалари билан танишиш учун Исроилга келгани маълум қилинган.
Унинг ташрифининг норасмий сабаби эса, катта эҳтимол билан, Бинямин Нетаняҳунинг радикал ҳукуматини бироз тийиш билан боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, АҚШ Исроил армияси Ғазони қандай ва қачон тарк этишни кўзлаганини билишни истайди, агар, албатта, у секторга барибир кирса.
Қолаверса, Тел-Авив аэродромида Америка президенти борти турган маҳалда, Ғазога кенг кўламли босқин бошланиши Исроил учун ҳам, АҚШ учун ҳам номақбул кўринарди.
Эрон омили
Сўнгги кунларда Эрон Исроилнинг Ғазога бостириб кириши жавобсиз қолмаслиги ҳақида бир неча бор таҳдидли огоҳлантиришлар қилди. Аммо бу амалда нимани англатади?
Эрон Яқин Шарқдаги айрим шиа гуруҳларни молиялаштиради, тайёрлайди, қуроллантиради ва маълум даражада бошқаради ҳам. Бундай гуруҳлардан энг кучлиси, шубҳасиз, Ливан жанубида, Исроилнинг шимолий чегаралари яқинида мустаҳкам ўрнашган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ҳисобланади.
2006 йилда «Ҳизбуллоҳ» жангарилари ва Исроил ўртасидаги оғир ва умуман натижасиз уруш вақтида исроилликларнинг танклари маскировка қилинган миналардан шикастлангани ва яхши режалаштирилган тузоқларга тушиб қолгани маълум бўлганди.
Ўтган вақт ичида «Ҳизбуллоҳ» Эрон ёрдамида қайтадан қуролланди ва очиқ маълумотларга кўра, арсеналида 150 мингга яқин ракетага эга, уларнинг кўп қисми узоқ радиусда ҳаракатланиб, нишонга аниқ етиб боради.
Исроил Ғазога бостириб киргудек бўлса, «Ҳизбуллоҳ» шимолий чегарада янги фронт очиши ва исроилликларни бир вақтнинг ўзида икки фронтда жанг қилишга мажбурлаши эҳтимоли реаллашди.
Аммо «Ҳизбуллоҳ» Америка Исроилга ёрдамга етиб келган ва Ўрта Ер денгизи шарқий қисмига авиаташувчи зарбдор гуруҳини жойлаштирган шароитда уруш бошлаши охиригача аниқ эмас.
Эндиликда Исроилда агар «Ҳизбуллоҳ» ҳужум қилишга қарор қилса, АҚШ ҳарбий-денгиз авиациясидан ҳалокатли зарба қабул қилиб олишига ишонч пайдо бўлган. Аммо ёдда тутиш керакки, 2006 йилги уруш бошида жангарилар кемаларга қарши замонавий ракетаси билан исроилликларнинг соҳил яқинида турган ҳарбий кемасига зарба беришга муваффақ бўлганди.
Гуманитар омил
Ғазода ҲАМАСни йўқ қилиш ҳақида гап кетганда, Исроил ҳукуматининг гуманитар инқироз ҳақидаги концепцияси унинг глобал қарашларига у қадар мос келмайди.
ҲАМАСнинг 7 октябр кунги қонли ҳужумидан кейин Исроилга билдирилган ҳамдардликлар ўрнини Исроил армиясининг тинимсиз ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлаётган фаластинлик тинч аҳоли вакиллари сони ортиб бораётгани туфайли авиазарбаларни тўхтатиш ва Ғазонинг оддий аҳолисини ҳимоя қилиш талаблари эгалламоқда.
Исроил кучлари Ғазога кирса, қурбонлар сони фақат ортади.
Исроиллик аскарлар ҳам ҳалок бўлади — пистирмаларда, мерганлар ўқидан ва миналардан ўрнатилган тузоқларда, қолаверса, жангларнинг аксар қисмини ер остида, кўп километрлик туннелларда ўтказишга тўғри келади.
Аммо, катта эҳтимол билан, йўқотишларнинг катта қисми барибир тинч аҳоли орасида бўлади.
Разведканинг муваффақиятсизлиги
Бу ой Исроил разведкаси учун ўта омадсиз келди.
Исроил хавфсизлик хизмати Шин-Бет ҲАМАС тайёрлаган ажалвор ҳужумнинг олдини ололмагани туфайли қаттиқ танқидларга учради.
Назарий жиҳатдан, Шин-Бет Ғазода ахборот берувчилар ва разведка ходимларининг кенг тармоғига эга бўлиши керак, уларнинг вазифаси — ҲАМАС ва «Фаластин ислом жиҳоди» қўмондонлигини кузатиш. Шунга қарамай, Исроил жанубида ўша даҳшатли шанба воқеалари рўй берди, бу Исроил разведкаси тарихида 1973 йилги Маҳшар урушидан кейинги энг жиддий муваффақиятсизликка айланди.
Сўнгги 10 кун давомида разведка ЦАҲАЛга гаровдагиларнинг шахси ва жойлашувини, шунингдек, ҲАМАС қўмондонлари яширинган жойларни аниқлаб, айбини ювишга ҳаракат қилмоқда.
Катта эҳтимол билан, разведка қўшимча маълумотлар йиғиши учун кўпроқ вақт талаб этилаётган бўлиши мумкин, шунда агар қўшинлар Ғазога кирса, улар Шимолий Ғазо вайроналари бўйлаб доимий хавф остида ва бутун дунёдан келаётган танқидларга чидаган ҳолда айланиб юрмасдан, аниқ нишонлар сари йўналтирилиши мумкин бўлади.
Исроилнинг узоқ вақт давом этаётган авиазарбаларидан ҳам омон қоладиган ҲАМАС ва «Фаластин ислом жиҳоди» аъзолари юриш қилиб келувчи Исроил армияси учун пистирма ва қопқонлар тайёрлаши тайин. Улар айниқса ерости туннелларида хавфли бўлади, шунинг учун Исроил разведкаси уларнинг жойлашувини аниқлашни ва бу ҳақда ЦАҲАЛни огоҳлантиришни истайди.