Жаҳон | 17:48 / 27.10.2023
36618
8 дақиқада ўқилади

“Ҳизбуллоҳ аралашса, уруш минтақавий тус олиши мумкин” — эксперт

Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати Исроилдан Ғазони бомбардимон қилишни тўхтатишни талаб қилиб, акс ҳолда яҳудийлар давлатига ҳужум қилишга тайёр эканини таъкидламоқда. Хўш, қатор давлатлар террорчи деб ҳисоблайдиган бу ташкилотнинг ҳарбий салоҳияти қанақа, қўлловчилари ким? Уларнинг урушга қўшилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурида шу каби саволларга сиёсий таҳлилчи Фарҳод Каримовдан жавоб олди.

— Ҳизбуллоҳ ўзи қандай гуруҳ ёки ташкилот?

— Ҳизбуллоҳ – дунёда ўз қўшини, инфратузилма ва молиясига эга бўлган ягона сиёсий партия ҳисобланади. 1947 йилда БМТнинг Исроил масаласида резолюцияси қабул қилингач, араб давлатлари ва Исроил ўртасида тўқнашувлар бўлади, бу урушларда араблар мағлуб бўлган. Шундай бир ҳолатда 1978 йилда бутун араб дунёси Миср вакиллигида Исроил билан тўқнашувларни тўхтатади ва ортга чекинади. Натижада бутун араб дунёсидаги одамлар норози бўлади. Шундан кейин араб жамиятларида Исроилга қарши ижтимоий-сиёсий гуруҳлар шаклланади, шулардан бири – Ҳизбуллоҳ.

1978 йилда Эронда Ислом инқилоби бўлгач, минтақадаги шиавий гуруҳларга катта таъсир қилади, яъни улар бундан руҳланади. Ливанда ўша пайтда яхши инклюзив ҳукумат шаклланган, шуларнинг орасида шиалар гуруҳи ҳам бор эди. Эроннинг қўллови билан улар ҳар томонлама кучаяди ва шиаларнинг сиёсий ҳаракати шаклланади. Талабаларнинг, бошқа гуруҳларнинг ҳаракатлари ҳам бирлашиб, 1982 йилда Ҳизбуллоҳ вужудга келади.

Бу ташкилотнинг асосий молиялаштирувчиси, ҳарбий қўлловчиси Эрон ҳисобланади, яширилмайди бу, Эроннинг ташқи сиёсий концепцияларида ҳам белгиланган. Ташкилот Исроилга қарши восита сифатида ташкил этилади, бошида сиёсий бўлмайди, фақат ҳаракат, ҳарбий куч сифатида бўлади. 1992 йилда Ливанда сиёсий партия сифатида тан олинади ва Ҳусан Насрулло раҳбар этиб тайинланади (у ҳозиргача Ҳизбуллоҳни бошқариб келмоқда). Шундан кейин структурага эга бўлган, тизимли ташкилот сифатида фаолият олиб боряпти.

Ҳизбуллоҳ 1993 йилда Ливанда парламент сайловларида иштирок этиб, 12 та ўринли фракцияга эга бўлади. Исроил араблар билан сўнгги тўқнашувлардан кейин анча ерини кенгайтирган. Ливаннинг ҳам жанубий ҳудудлари Исроил назоратига ўтган эди. 2000 йилда Исроил бу ҳудудлардан чиқиб кетгач, қайта бундай ҳолат бўлмаслиги учун бу ҳудуд Ҳизбуллоҳ ҳарбийларига топширилади. Ҳозир ўша ерларни қўриқлаётган, назорат қилаётган Ҳизбуллоҳ бўлади.

— Сурия инқирозида Ҳизбуллоҳнинг ўрни катта бўлди. Яъни унинг ҳомийси фақатгина Эронми, ё яна бошқа кучлар ҳам борми? Ҳизбуллоҳнинг таркибида қанча аъзолар, қанча ҳарбийлар бор?

— Умумий минтақадаги шиа кучлари Ҳизбуллоҳни қўллайди. Давлат сифатида Асад бошчилигидаги Сурия ҳам қўллайди. Чунки уларда умумий шиалик омили бор. Аслида Суриянинг катта қисми суннийлар, лекин ҳокимият темасида шиалар. Сурияда ИШИДга қарши жангларда Ҳизбуллоҳ иштироки расман айтилмаса-да, кўпчиликка маълум эди. Ўз навбатида, Суриянинг қўлловини ҳамма билади, фақат расмий акс этмайди.

Ҳозирги кунда Ливан парламентидаги 128 та ўриндан 61 таси Ҳизбуллоҳ фракцияси. Бу дегани йилдан йилга қўлловчилар кўпаймоқда, суннийлар ҳам қўллаяпти ҳатто. Чунки амалда умумий душмани бўлмиш Исроилга қарши курашларда ташкилот ўзини оқлаган, шунинг учун ижтимоий сиёсатда иштироки кучайган. Ҳизбуллоҳнинг ўзининг касалхоналари, мактаблари, бошқа таълим муассасалари бор.

БМТ таҳлилий марказларининг маълумотига кўра, Ҳизбуллоҳнинг доимий ҳарбийлари 7 мингтани ташкил қилади. Умумий захирадаги кучлар 50 мингга яқин дейилади. Бошқа партияларда бундай имкониятлар ва кўлам йўқ. Ҳизбуллоҳнинг кўплаб ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки сабаб баъзи давлатлар уни террористик ташкилот сифатида кўради.

— Ҳизбуллоҳнинг ҳаракатлари фақат Яқин Шарқдами ёки бошқа минтақаларда ҳам кўриш мумкинми?

— Ҳизбуллоҳ – катта бюджетга эга ташкилот. Ўтган асрнинг 80-90-йилларида Ливанда АҚШ ва Франция ҳарбийларига қарши катта кураш олиб борган, катта портлашларни ҳам амалга оширган. Шундан кейин АҚШ ва Европа давлатлари террористик ташкилот сифатида кўра бошлаган. Ташкилот Яқин Шарқдан АҚШ ва Ғарб кучларини бутунлай йўқ қилиш, таъсиридан озод этишни мақсад қилиб олган. Шу маънода Ҳизбуллоҳ фақат минтақада фаолият олиб бормайди. Бутун дунё бўйлаб шиа жамоалари бор жойларда Ҳизбуллоҳ қўллаб-қувватловга эга. Ҳатто Кубада уларнинг ваколатхонаси бор. Аргентина, Бразилия каби давлатларда ҳам уларни қўлловчилар мавжуд.

— ҲАМАС-Исроил уруши доирасида Ҳизбуллоҳ ҳақида ҳам гаплар бўляпти. Ливанга Исроилнинг зарба бергани, Ҳизбуллоҳнинг жавоби ҳақида хабарлар бўлиб турибди. ҲАМАС ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги боғлиқлик ва уларнинг ўзаро таъсири қандай?

— Бу икки ташкилот доим Исроил масаласида ҳамкор бўлган. Ҳизбуллоҳ олдинги даврларда ҲАМАСга кўп ёрдам берган, ўз аскарларини берган деган гаплар ҳам бор. Бугунги кунда ҳам ҲАМАСни асосий амалий қўлловчи Ҳизбуллоҳ ҳисобланади, чунки уларнинг умумий мақсади битта.

Жанубий Ливандан Исроил чиқиб кетгач, бу ҳудудда катта ракета тизими қолганди. Турли хил 15 мингдан ортиқ ракеталар бўлган. Шулардан бир марта Исроилга қарши фойдаланган эди. ҲАМАСга ҳам ракеталар берамиз деган баёнотлар бор. Кўриниб турибдики, минтақада ҲАМАСни энг кўп қўлловчи ташкилот Ҳизбуллоҳ ҳисобланади. Албатта, бу ишни Эрон ва Сурия билан маслаҳатлашган ҳолда қилади.

Ҳизбуллоҳ 7 октябр кунги ҲАМАС томонидан ракета учирилишига алоқаси йўқлигини айтди, лекин барибир умумий қўллаб-қувватлаш бор. ҲАМАСнинг ҳаракатларини ёқлаяпти ва бу можарога аралашиши мумкинлиги ҳақида ҳам баёнот берди.

— Агар урушга Ҳизбуллоҳ аралашса, Исроил Ливан давлатининг ўзини ҳам нишонга олмайдими?

— Исроил доимий равишда террорчиларга қарши курашиш важи билан Ливан ҳудудларига зарба бериб келади. Нафақат Ливан, Иордания ва Сурияга ҳам шундай. Агар Ҳизбуллоҳ армияси урушга кирса, Исроил Ливанга тўғридан тўғри ҳужум қилиши ҳам мумкин, кутса бўлади. Лекин ҳозир асосий эътибори Ғазога қаратилган. Икки томондан фронт очиш Исроил учун хавфли, чунки Ҳизбуллоҳ ҲАМАСдан анча кучли ҳисобланади. Унинг доимий жангчилари, Эрон ва Сурия томонидан берилган катта ҳарбий қуроллари бор, анча кучли зарба беролади. Исроил икки томонлама жангга кириши жуда хавфли.

Бундан ташқари, ҲАМАСнинг ортида халқаро майдонда аниқ бир қўлловчилари йўқ, лекин Ҳизбуллоҳнинг ортида Эрон, Сурия турибди. Катта можарога айланиб кетиши мумкин бу. Шу нуқтайи назардан Ҳизбуллоҳ ҳали фаол аралашмай турибди. Эрон розилигисиз қўшилолмайди. Эроннинг вазиятга аралашуви глобал миқёсда муаммо келтириб чиқаради. НАТО ва бошқа кучлар Эронга зарба бериши ҳам мумкин. Бу нарсаларни улар яхши билиб турибди.

Умуман, бугун Яқин Шарқда янги геосиёсий хариталар чизиляпти. Бу жараён бир неча йил олдин бошланганди, бугун уруш кўринишида бўляпти. Бундай ҳолатда ҲАМАС, Ҳизбуллоҳ каби ташкилотларнинг ҳаракати аниқ кўринади. Шунинг учун вазиятга бошқа ҳарбий кучлар аралашувига йўл қўймасдан муаммони ҳал қилиш керак. Бўлмаса, кўлам кенгайиб, локал характердаги уруш минтақавий урушга айланиб кетиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик керак.

Ҳозир Исроилнинг ҳаракатлари муҳим, агар бу ҳаракатлар тўхтамаса, эртага нима бўлишини ҳеч айтолмайди. Бу жараёнда нафақат мусулмонлар, балки бутун дунё ҳамжамиятининг фикри ўзгаряпти Исроилга нисбатан. Антонио Гутерришнинг баёнотини ҳам эшитдик. Ҳеч қандай сиёсий мақсад бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишини оқламайди.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид