19:46 / 27.10.2023
20484

Россия Марказий банки тўрт ой ичида асосий ставкани икки баробарга оширди

Россия Марказий банки асосий ставкани 13 фоиздан 15 фоизга оширди. Бу инфляция босими «кутилганидан юқори» экани билан изоҳланган. Мазкур қарор фонида рубл курси мустаҳкамлана бошлади.  

Фото: Екатерина Кузьмина / РБК

Россия Марказий банки асосий ставкани 2 фоиз бандга ошириб, йиллик 15 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу сўнгги 4 ой ичида асосий ставканинг тўртинчи марта оширилиши ҳисобланади. Хусусан, Россия бош регулятори асосий ставкани июл ойида 1 фоизга, август ойида (рубл курсининг қулаши фонида) 3,5 фоизга ва сентябрда яна 1 фоиз бандга кўтарган эди.

«Ҳозирда инфляция босими сезиларли даражада ошди, бу Марказий банк прогнозларидан ҳам юқори. Бундай шароитда нархлар ошишининг белгиланган кўрсаткичлардан юқорига оғиш кўламини чеклаш ва инфляция даражасини 2024 йилда 4 фоизга қайтариш учун пул-кредит сиёсати янада қатъийлаштирилиши зарур», дея изоҳ берган Россия МБ.

Асосий ставка нима?

Марказий банк асосий ставкаси – инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструменти бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Ушбу ставкани ўзгартириш орқали Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини белгилаб боради.

Асосий ставканинг вазифаси қуйидагилардан иборат:

  • мамлакатдаги инфляцияни секинлаштириш ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • банкларнинг тадбиркорлар ва фуқароларга бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг энг кам даражасини белгилаш;
  • Марказий банкнинг банкларга уларнинг қисқа муддатли ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган қайта молиялаштириш кредити қийматини аниқлаш;

Содда қилиб тушунтириладиган бўлса, Марказий банк белгиланган асосий ставкадан келиб чиқиб, тижорат банкларига кредит беради. Ўз навбатида тижорат банклари олинган пулга ўз фоизини қўшиб жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз кўринишида қайта тарқатади. Асосий ставканинг ошиши ўз навбатида тижорат банклари томонидан фуқароларга тақдим қилинадиган кредитлар фоизлари ҳам ошишига таъсир ўтказади.

Россия Марказий банки нега ставкани оширмоқда?

Россия Бош регуляторининг тушунтиришича, ички талабнинг ўсиши ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларидан ошиб кетган. Бундай шароитда инфляция босимини камайтириш учун пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш зарур. Шунингдек, ишчи кучи танқислиги шароитида ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятлари ҳам чекланган.

Рус молиячиларининг таъкидлашича, бу қарор рубл учун фойдали ва уни жамғарма валютасига айлантиради. Чунки, депозитлар бўйича фоизлар сезиларли даражада ошади. Ўз навбатида, юқори фоиз ставкалари ривожланишни секинлаштириш нуқтаи назаридан иқтисодиётга босим ўтказади.

Фоиз ставкаларининг пасайиши миллий валюта қадрсизланишига ҳам таъсир кўрсатади. Валюта бозоридаги сармоядорлар арзон миллий валютадан халос бўлишни ва фойдалироқ хорижий валюталарга ўтишни афзал кўради. Москва биржаси маълумотларига кўра, Россия Марказий банкининг асосий ставкани йиллик 15 фоизга ошириш тўғрисидаги қароридан кейин рубл курси мустаҳкамлана бошлаган. Жумладан, доллар курси 1,13 фоизга пасайиб, 92,9 рублгача, евро 98,19 рублгача, юан эса 12,653 рублгача пасайган. 

Украина билан уруш бошланганидан кейин Россия Марказий банки асосий ставкасининг ўзгариш динамикаси:

  • 2022 йил 28 феврал: йиллик 9,5 фоиздан 20 фоизга оширилди;
  • 2022 йил 11 апрел: йиллик 20 фоиздан 17 фоизга пасайтирилди;
  • 2022 йил 29 апрел: йиллик 17 фоиздан 14 фоизга пасайтирилди;
  • 2022 йил 27 май: йиллик 14 фоиздан 11 фоизга пасайтирилди;
  • 2022 йил 10 июн: йиллик 11 фоиздан 9,5 фоизга пасайтирилди;
  • 2022 йил 21 июл: йиллик 9,5 фоиздан 8 фоизга пасайтирилди;.
  • 2022 йил 16 сентябр: йиллик 8 фоиздан 7,5 фоизга пасайтирилди;
  • 2023 йил 21 июл: йиллик 7,5 фоиздан 8,5 фоизга оширилди;
  • 2023 йил 15 август: йиллик 8,5 фоиздан 12 фоизга оширилди;
  • 2023 йил 15 сентябр: йиллик 12 фоиздан 13 фоизга оширилди.
Top