Ўзбекистон | 21:17 / 31.10.2023
4667
2 дақиқада ўқилади

Ичимлик ва оқова сув таъминоти боқичма-босқич хусусийлаштирилади 

2024 йил 1 январдан ичимлик суви ва оқова сувни чиқариб юбориш нархи маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш, молиявий харажатлар, солиқлар ва мажбурий тўловлардан келиб чиқиб шакллантирилади. 

«Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 апрелгача алоҳида йўналишлар бўйича қуйидаги акциядорлик жамиятлари ташкил этилади:

- ҳудудий магистрал сув таъминоти ташкилотлари;

- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари.

2024 йил 1 январдан:

- ичимлик суви ва оқова сувни чиқариб юбориш нархлари маҳсулот таннархига киритилган харажатлар, тизимни ривожлантириш, молиявий харажатлар, солиқлар ва мажбурий тўловлардан келиб чиқиб шакллантирилади;

- янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражасини инобатга олиш талаби ўрнатилади. 

Қарорга кўра, 2024–2026 йилларда:

- ичимлик сув таъминоти оғир бўлган жами 813 та маҳалла ичимлик сув билан таъминланади;

- 124 693 та хонадонга ичимлик сув тармоқлари уй хўжалигигача етказилади;

- 130 та аҳоли яшаш пунктларида давлат ижтимоий буюртмаларини бериш орқали ичимлик сув таъминоти йўлга қўйилади;

- 792 090 нафар истеъмолчилар ичимлик сув учун ҳисоблагичлар билан таъминланади.

2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид