Зеленский Украина махсус операциялар кучлари қўмондонини алмаштирди
Сергей Лупанчук махсус операциялар кучларининг янги қўмондони этиб тайинланди. Ўтган йилнинг июл ойидан бери Украина Қуролли кучларининг ушбу бўлинмасини Виктор Хоренко бошқариб келаётганди.
Украина президенти Володимир Зеленский полковник Сергей Лупанчукни Украина Қуролли кучлари Махсус операциялар кучлари (МОК) янги қўмондони этиб тайинлади. Зеленскийнинг тегишли фармони 3 ноябр, жума куни Украина президенти сайтида эълон қилинди.
Лупанчук 2022 йилнинг 25 июлидан буён МОКни бошқариб келаётган генерал-майор Виктор Хоренко ўрнини эгаллайди. «Биз Украинада ва ундан ташқарида ноёб операциялар ўтказамиз. Тактик, оператив, стратегик даражада ишлаяпмиз. Вазифаларимиз натижалари яхши бўляпти. Ҳозир кўп нарсани ошкор қила олмаймиз, лекин келажакда, менимча, МОКнинг муваффақиятли операциялари ҳақида бир нечта китоб ёзиш имкони бўлади», - деди Хоренко 31 октябр куни чоп этилган интервюсида.
Зеленский: Лупанчук - тажрибали, жанговар офицер ва тўғри қўмондон
Сергей Лупанчук – тажрибали офицер, жанговар зобит, тўғри қўмондон ва махсус кучларга янги имкониятлар қўша оладиган шахс, деди Володимир Зеленский ватандошларига кечки мурожаатида.Унинг сўзларига кўра, махсус кучларнинг собиқ қўмондони Виктор Хоренко Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») таркибида махсус вазифаларни бажаришда давом этади.
Хоренко: истеъфо ҳақида ОАВдан билдим
Хоренконинг ўзи МОК қўмондони лавозимидан истеъфога чиқиш сабаблари унга номаълумлигини ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний уни ишдан бўшатиш бўйича таклиф киритмаганини айтди. «Сабабларини мен билмайман. Айтмоқчиманки, мен бу ҳақда ОАВдан билдим. Бош қўмондон билан гаплашдим, у ҳам буни менга тушунтира олмади. Бош қўмондон тегишли тақдимнома киритиши керак эди, лекин у менга бундай қилмаганини айтди, мен нима бўлганини тушунмаяпман», деди генерал «Украинская правда» ток-шоуси эфирида.
Махсус операциялар кучлари таркибий жиҳатдан Украина Қуролли кучларининг бир қисмидир. Улар 2016 йил 28 июлда НАТО давлатлари кўмагида яратилган. МОК разведка билан боғлиқ вазифаларни бажариши, ахборот ва психологик операцияларда қатнашиши, терроризм ва қароқчиликка қарши курашиши, қаршилик ҳаракатини тайёрлаши ва ташкил этиши, шунингдек, бир қатор бошқа вазифаларни бажариши мумкин.
Аввалроқ Американинг Time нашри резонансли мақола чоп этиб, унда манбаларга таяниб, Украина раҳбариятида бўлажак ўзгаришлар ҳақида хабар берган эди. Нашр суҳбатдошлари вазирлардан бири ва юқори мартабали генераллардан бири ишдан олинишини иддао қилган. Уларга кўра, бу одамлар Украина армиясининг Россия қўшинларига қарши ҳужуми пайтида «фронтдаги секинлик» учун жавобгар бўлади.