Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ: Ғазода ҳар 10 дақиқада бир бола ҳалок бўляпти
БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги можаро пайтида тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди.
Ғазо секторида Исроилнинг зарбалари оқибатида ҳар 10 дақиқада бир бола ҳалок бўлиб, яна икки нафари жароҳат оляпти. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги маълумотларида айтилган.
Агентлик можаро пайтида тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, ўз навбатида, журналистлар учун ўтказилган брифингда «Ғазо болалар қабристонига айланиб бораётганини» айтди.
Жаҳон ташкилоти раҳбарининг сўзларига кўра, Фаластин эксклавида «ҳар куни юзлаб қиз ва ўғил болалар ҳалок бўляпти ва яраланяпти».
Гутерришнинг айтишича, БМТ ва ташкилот шериклари 2,7 миллион кишига - Ғазо секторининг бутун аҳолиси ва Ғарбий Соҳил, шу жумладан Шарқий Қуддусдаги ярим миллион фаластинликка ёрдам бериш учун 1,2 миллиард долларлик гуманитар чақириқ тўғрисида эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингга яқин фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.