Ўзбекистон | 18:41 / 08.11.2023
8293
2 дақиқада ўқилади

Путин Туркманистон «газ иттифоқи»га қўшилиши мумкинлигига ишора қилди

Россия президенти Туркманистонни «газ иттифоқи»га қўшилиши мумкин, деб ҳисобламоқда. 

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Туркманистонни Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокидаги «газ иттифоқи»га қўшилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у «Казахстанская правда» газетасига берган интервюсида айтиб ўтди. 

«7 октябр куни Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари билан биргаликда Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаш маросимида иштирок этган эдик. Бу йўналиш мавжуд газ транспорти тармоқларидан энг самарали фойдаланиш имконини беради ва нафақат уч давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ривожига хизмат қилади. Келгусида туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашувлар ўтказишни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Улар анъанавий равишда ушбу бозорларда қатнашадилар. Ва уларнинг бундай ҳамкорликдаги иштироки умумий манфаатларга мос келади», деди у. 

Ўзбекистон, Қозоғистон ва «Газпром» ўртасида 2023 йил январида уч томонлама ҳамкорлик шартномаси тузилган. Туркманистон Марказий Осиёда энг катта газ захирасига эга бўлса-да, «иттифоққа» таклиф этилмади. Кузатувчилар хулосасига кўра, Ғарб санкциялари туфайли янги бозорларни ўзлаштиришга муҳтож бўлган Россия Туркманистонни иттифоқчи эмас, балки рақобатчи сифатида кўради. Январ-феврал ойларида Россия Хитойга газ етказиб бериш бўйича биринчи ўринни эгаллаб, Туркманистонни етакчилик позициясидан сиқиб чиқарди.

 

Мавзуга оид